+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

КЕЛИНИНГИЗГА ЗУЛМ ҚИЛМАНГ

Оиладаги тотувликка кўп ҳолларда қайнона ва келин ўртасида пайдо бўладиган келишмовчиликлар, муросасизликлар раҳна солади.

Келин айбдор

Нима учун қайнона-келин муносабатлари муаммоси ҳаётимизда тобора бўй кўрсатиб, кўплаб оилаларни парокандаликка олиб келмоқда? Бир хонадонда яшайдиган икки аёл нимага муроса қилиб яшолмайди? Бунинг сабаби нимада? Айни пайтда бу каби саволлар кўпчилик юртдошларимизни ташвишга солаётгани аниқ.  Ихтилоф абадийми?  Келинг, ана шу хусусда мулоҳаза юритиб кўрайлик.

Фаолиятим давомида кўплаб қайноналар, келинлар билан суҳбатлашаман, айниқса, "қайнона-келин можаролари" муҳокамасида иштирок этаман. Ана шу жараёнларда уларнинг ҳар биридан нимадир олишга, нимадир ўрганишга ҳаракат қиламан. Яхши жиҳатларни оммалаштиришга, салбий ҳолатларни эса "бу ишнинг охири  хайрли бўлмайди", дея ибрат тариқасида айтишимга тўғри келади. Агар эътибор қаратсак, бугун юз бераётган оилавий жанжалларнинг деярли ярми қайнона-келин ўртасидаги можароларга тўғри келади. Қанчалик ачинарли, ташвишли бўлмасин, бундан кўз юма олмаймиз.

Ана шу можаролар ўрганилганда, қайнона бутун айбни келинга тўнкайди. Келинининг ношуд, уқувсизлигидан нолийди, келинлик вазифасини кўнгилдагидек бажармаётганлигини айтиб, ўзини фариштадек оппоқ кўрсатишга уринади. Аслида ҳам шундайми? Йўқ, албатта. Тўғри, келин ёшлик қилиб, хато ва камчиликларга йўл қўяётган бўлиши мумкин.

...Хонадонга янги келин тушди. Янги оила, келин ушбу оилага мослашиши зарур. Бунинг учун эса маълум вақт керак. Лекин, келин тўйдан уч кун ўтмаёқ ўзини хизматга уради. Қайнонанинг кўнглини олиш, оила аъзоларига ёқиш, эрини хурсанд қилиш, яна тўйдан    кейин кўнгил сўраб келгувчи меҳмонларга елиб-югуриб хизмат қилиши лозим. Бу ишлар ёш келинни толиқтириб қўяди. Толиқиш кишини асабийлашишга, хато қилишга мажбур қилади. Кўрибсизки, келин субҳи содиқдан ярим тунгача тинмасин, ўзини минг алпозга солмасин, айланиб-ўргилмасин, барибир қайнонасига ёқмайди.

Яхши тарбия кўрган келин нима бўлганда ҳам қайнонасига мулозамат қилади, ширин гапиради. Қайнона бунга нисбатан:  "Илоннинг ёғини ялаган, айёр-да!" дея унинг ҳаракатларини сунъийликка йўяди. Елиб-югуришини кўриб хуноби ошади: "Бирам шошилиб юрадики, худди ёв қувгандай". Хуллас, ўтирса - ўпоқ, турса - сўпоқ, юрсаям - ёмон, турсаям - ёмон кўринади. Қайнонанинг бундай эгоистик ҳаракати можароларнинг янада урчишига йўл очиб беради.

 Келин бечора бу ҳолатни асло тушунолмайди. У ёқда эр ҳайрон. Бирор нарса деса, онаизорнинг дили оғрийди. Демаса, бу ёқда айбсиз хотини ноҳақ зулм кўряпти.

Қайнонанинг зулмкор тушунчаси туфйли тўйдан бир йил ўтмаёқ, ёш оила бузилиб кетди.

 

Хотинимни ҳимоя қилишга журъатим етмади

Яқинда ана шундай ҳолатлар сабаб ажрашиш ёқасига келиб қолган нотинч оила вакиллари - келин-куёв, қайнона билан суҳбатлашдим. Суҳбат давомида келиндан оиладаги ноаҳиллик сабабини сўрадим. У анча сукут сақлаб турди, кейин секингина: "Эр-хотин яхши эдик. Аммо қайнонамлар билан муросамиз келмади", деди. Кейин куёвдан уриш-жанжалларнинг сабабини сўрадим. У бўлса: "Тўйдан уч ой ўтиб, онам келинини ёмонлай бошлади. Сен ёқтириб уйланган бу келин оиламизга мос эмас, мени ҳурмат қилмайди" деган гапларни айтиб, бўлар-бўлмасга жанжал чиқарадиган бўлди. Аслида хотинимнинг муомала-муносабатида онамга нисбатан ҳурматсизликни кўрмадим. Онамга буни тушунтиришга уриндим. Лекин у тушунишни ҳам, эшитишни ҳам истамади. Хотинимнинг ёнида "онамнинг ноҳақлигини" тушунтириб қўйишга ғурурим йўл бермади. Хотинимни ҳимоя қилишга ҳам ўзимда журъат тополмадим.

...Жанжал, бақир-чақир тинмай қолди. Хотинимни, десам, у ёқда боқиб катта қилган онам. Икки ўт орасида қолдим. Охири турмушдан файз кетди, можаролар жонимга тегди. Бундай пайтда айниқса, дадамнинг йўқлиги билиниб қолди, у киши ҳаёт бўлганида балки бундай ҳолат бўлмасмиди, балки онамни йўлга солармиди?" Хуллас, хотинимнинг жавобини беришга тўғри келди.

Шу тариқа кўп қайноналар ўзларининг худбинлиги, манманлиги билан фарзандининг тинч оиласини бузмоқда. Энг ачинарлиси, унинг хатоларини  қанча тушунтирманг, тушунмайди, ўзини ҳақ деб билади.

Бундай оналар билиб қўйсин! Келини ўғилга никоҳлаб берилган ва унинг зиммасига энг аввало, эр олдидаги бурчларни адо этиш юкланган. Эрнинг ота-онаси, яъни қайнона-қайнотасига, оиланинг бошқа аъзоларига хизмат қилиши келиннинг эрга бўлган ҳурмати, муҳаббати туфайлидир. Шундай экан, рўзғорнинг ҳамма юкини келиннинг елкасига ортиб қўйиш, уни оилани барча аъзоларининг истак-хоҳишини бажартиришга уриниш нотўғри. Минг афсуски, баъзи хонадонларда келинларни эрлари қолиб, турмушга чиқиб кетган соппа-соғ, тўрт мучаси бут     қайнсингиллари хизматини қилишга, боласини боқишга, уйига келганида ҳатто овқатини тайёрлаб, кирини ювиб беришга мажбурлаш келинга нисбатан зулмдан бошқа нарса эмас. 

 

келинга зулм қилиш жоҳилликдир

Бундай ҳолатларга барҳам бериш керак. Кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга онахонлар бунга бош-қош бўлиши зарур. Зотан, қайнона келинни қизидай қабул қилса, билмаганини яхши гап билан ўргатса, тарбияласа, ишонаманки, ўша оиладаги келин ҳам қайнонасига қиз бўлиб қолади, оилада хотиржамлик, тотувлик, файз-барака бўлади.

Туманимизда 79 мингга яқин оила истиқомат қилади. Жорий йилнинг ўтган даврида туман бўйича 45 та ажрим қайд этилган бўлса, олиб борилган мулоқот, тушунтириш ишлари самараси ўлароқ, 150 га яқин оилани яраштиришга эришдик.

Келинга зулм қилишлик жоҳилликдан нишона. Яхши ниятлар билан келин олиб, кўзининг оқу қораси бўлмиш суюкли ўғлини унга топшириб қўйиб, энди ўша келин билан ёвлашиб, олишиб юриш оналик мақомига асло тўғри келмайди. Қайноналаримиз кўнглини кенг қилсин, фақат яхшилик йўлини тутсин.

Токи оиламизда раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, ҳурмат сингари юксак инсоний фазилатлар ҳукм сурмас экан, ҳаётимизда хотиржамлик бўлмайди. Ҳурматли қайноналар! Оилангиз, фарзандларингиз хотиржамлигини ўғирлаб, қандай ҳаловат, ҳурмат, савоб топишингиз мумкин. Шуни танангизга ўйлаб кўринг, тўғри йўлдан адашманг.

 

Мавлудахон АБДУРАҲМОНОВА,

 

Асака тумани "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси раиси.