+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

МЕРОСГА МУНОСАБАТ - ОИЛАДАГИ МАЪНАВИЙ МУҲИТ КЎЗГУСИ

Оила муаммолари

Қариндошлар орасидаги ихтилоф ва зиддиятларга сабаб бўладиган мерос талашишлар ҳамма замонда, ҳар қандай даврда кишилик жамиятининг оғриқли нуқтаси бўлган. Бу мавзуда кўп ва хўп гапирилган бўлса-да, мерос масаласи ҳали хануз жамиятдаги, оиладаги долзарб масалалардан бири бўлиб турибди.

Ўзбек хонадонларида ёзилмаган қонун мавжуд: ота уй кенжа ўғилга қолиши керак! Бу қонунга амал қилинмаган айрим хонадонларда туғишганлар орасида келишмовчилик, зиддиятлар келиб чиқиши кузатилади. Албатта, ота-она ва фарзандлар, ака-укалар ўртасидаги можароларга кўп ҳолларда келинлар сабабчи бўлади.

Нега айнан кенжа ўғилга?

Баъзида ота-она тўнғич ёки ўртанча ўғил билан қолишни маъқул кўради. Келинининг юриш-туриши, муомаласидан кўнгли тўлибми ёки бошқа бирор сабабми, хуллас, кенжа ўғилни алоҳида уйга чиқармоқчи бўлади. Бу ҳолат деярли кенжа ўғил ва кенжа келиннинг оила аъзоларига бошқача кўз билан қарашга мажбур қилади. Хўш, нега ота уй айнан кенжа ўғилга қолиши керак? Бу удум замирида нечоғли ҳақиқат мавжуд? Тўғри, аслида бу одат асрлар давомида шаклланган, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган тушунча. Аммо ҳаёт  бошқача йўлни ҳам тақозо қилиши мумкин-ку? Нега биз ҳар доим ҳам ота ҳовлини кенжа ўғилнинг макони деб ҳисоблаймиз?

Ота-она кенжа фарзандига бошқаларидан кўра кўпроқ меҳрибон бўлади, кенжа ўғилга бошқача кўз билан қарайди. Аксар ҳолларда кенжа ўғилга ота-онанинг ўзи келин танлайди;  кўз олдида ўсган қўшни қиз ёки ўзаро муносабатлари яхши бўлган қариндошнинг қизи кенжа ўғилга муносиб кўрилади. Кексайганларида шу келин уларнинг хизматини қилади. Шу каби ҳолатлар ўз-ўзидан ота-она ва кенжа ўғил муносабатларини бошқа фарзандларга қараганда яқинлаштиради.

- Бир оилани биламан, - дейди Марҳамат туманидаги "Ўқчи" маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси Роҳатой Аҳмедова. - Тўрт бола - икки қиз, икки ўғил отадан етим қолди. Она фарзандларини имкони етганча тарбиялаб, ўқитиб, уйли-жойли қилди, элга қўшди. Тўнғич ўғилнинг ишлари юришиб, катта тадбиркор бўлди, қўли узун, бадавлат инсонга айланди. Данғиллама уй-жой қилди. Ота уйида қолган кенжа ўғилнинг турмуши акасиникидай бўлмаса-да, ҳартугул қора қозони қайнаб туради.

Бадавлат ўғил ўз уйида онаси учун барча қулайликлари муҳайё бўлган хона ҳозирлаб укасининг уйидан онасини мажбурлаб ўзиникига олиб келди. Ўғлининг қистовларини рад этолмаган она катта ўғлиникида бир ҳафтагина яшади-ю, яна ўз уйи, кенжа ўғлиникига қайтди. Катта ўғлига: "Ўрганган жойим шу уй, болам. Бу уйдан кетсам, отанг тушларимга кираверди..."

Қонунчиликдан

Бош Қомусимизнинг 36-моддасида мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланиши қайд этилган. Кимлар меросхўр бўлади? Ҳар кандай шахс меросхўр бўлиши мумкин. Яъни, мерос очилган  пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек, мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлиш ҳуқуқига эга. Жумладан, ота-она, эр-хотин, фарзандлар ва ҳатто бегона шахслар ҳам меросга ҳақли бўлишлари мумкин.

Мерос ўзи нима?

Ҳар қандай моддий ва номоддий обеъктлар мерос қолдириш объекти бўлиши мумкин. Мерос қолдириш орқали меросхўрларга фақатгина мерос қолдирувчининг ҳуқуқлари ўтмасдан, балки мерос қолдирувчининг мажбуриятлари ҳам ўтади. Масалан: қарз шартномасига асосан олинган қарзни тўлаш мажбурияти, мерос мулки қабул қилиб олинганидан сўнг, ушбу мулклар бўйича солиқ ва  бошқа тўловларни тўлаш мажбуриятлари ўз-ўзидан меросхўрга юкланади.

Айтиш жоизки, кўп ҳолларда мерос деганда, биринчи навбатда кўз олдимизда фақат пул, мол-дунё ва шунга ўхшаш моддий нарсалар гавдаланади. Аммо ота-оналар ўз фарзандларига аввало табиати, истеъдоди, биологик хусусиятлари ва бу дунёда узолмаган қарзларини ҳам мерос қилиб қолдирадилар. Шундай экан, мерос олувчи нафақат моддий буюм, балки унинг ўзига яраша масъулиятига ҳам эгалик қилишини ёддан чиқармаслиги керак. 

Васият

Меросхўрлик Фуқаролик кодексига кўра, васият ёки қонун бўйича вужудга келади. Васият бу - фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини у вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси ҳисобланади. Васиятнома фақат шахсан тузилади. Яъни унинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди. Васиятнома фақат давлат нотариуслари томонидан тасдиқланганда юридик кучга эга бўлади.  Васиятнома бир томонлама битим бўлиб, у билан боғлиқ низолар юзага келган тақдирда фақатгина Фуқаролик судларига мурожаат қилинади.

 Васиятноманинг аниқ бир шакли йўқ. Ҳатто, нотариусга ҳам маълум бир андоза белгилаб берилган эмас.

Нотариус, васиятномани тасдиқловчи бошқа мансабдор шахс, шунингдек, васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқаро мерос очилгунга қадар унинг мазмуни, тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳаққи йўқ.

Мерос васият қилинмаган тақдирда...

Агарда, ота-она вафот этгунга қадар васиятнома бермаган бўлса, фарзандлар меросни қонун буйича олишга ҳақли ҳисобланади. Бундай ҳолатда    фарзандлар ота ёки онасининг меросини олиш ва мерос ишини очиш юзасидан мерос объекти жойлашган худуддаги ёки меросхўр охирги яшаган жойдаги давлат нотариал идораларига мурожаат қилишлари лозим. Давлат нотариуси қонунда белгиланган ҳужжатлар тақдим қилинганидан сўнг, меросхўрларга қонун бўйича меросхўр эканлиги тўғрисида гувоҳнома беради.

Ота-она ёки мерос қолдирувчи ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек, кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга, юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўз ўзини бошқариш органларига васият қилиши мумкин.

Васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли ҳисобланади.

- Мерос масаласига динимизда ҳам алоҳида эътибор қаратилади, - дейди Андижон шаҳар бош отинойиси Шоирахон Нуралиева.  - Бу борада адолатли бўлиш, фарзандларни тенг кўриш баён этилади. Нўъмон ибн Башир    (р.а.)дан ривоят қилинади:

"Отам мени Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар ва: "Эй, Аллоҳнинг Расули, гувоҳ бўлинг, мен Нўъмонга ўз молимдан буни бердим", деди.

"Ҳамма ўғилларингга, шунга ўхшаш бердингми?" дедилар у зот.

"Йўқ", деди.

"Бунга мендан бошқани гувоҳ қил", дедилар ва сўнгра: "Сени уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши хурсанд қиладими?" дедилар.

"Ҳа", деди.

"Ундоқ бўлса, ҳаммаларига бирдек муносабатда бўл!" дедилар".

Яна бир ривоятда: "Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар", дейилган.           

Меросга муносабат - оиладаги маънавий муҳит кўзгуси

Мерос оилавий муносабатларнинг катта бир қисми ҳисобланади. Меросга муносабат оиладаги маънавий муҳитни қандай эканлигини кўрсатади. Ота-онаси ҳаёт бўла туриб, мерос талашадиганлар ҳақида эшитамиз. Бу ҳолат ўша оилада тарбия илдизининг мустаҳкам бўлмаганидан дарак беради. Айрим оила фарзандлари эса ҳатто ўзига тегишли улушни туғишган жигарига беради. Улар оилада ота-онасидан чин инсоний фазилатларни ўрганган, одамийлик илмидан бохабар кишилардир. Умуман олганда, фарзандлар ота-онасидан болалигида ўрганганларини улғайгач уларнинг ўзларига кўрсатишади.

Аслида, мерос ҳамда у билан боғлиқ можаролар ҳар бир оила ва оила бошлиғининг шахсий хоҳиш-иродаси. Ота-она истаган фарзандига ўзидан кейин қоладиган моддий ва номоддий мулкларини мерос сифатида қолдириши ёки фарзандини бу имкониятдан маҳрум этиши мумкин. Аммо яхши ота-онадан жамиятга қобил фарзандлар ва комил инсон, фарзандларга эса одамийлик фазилатлари, одоб-ахлоқ ҳамда меҳр-оқибат мерос қолади.

Умида АДИЗОВА