+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

АЖРАШИШ БЎСАFАСИДАГИ ОИЛАНИ САҚЛАБ ҚОЛИШ МУМКИНМИ?

руҳшунос тавсиялари

Таҳририятга мактуб: "...Бир пайтлари бахти бекам, кўрганларнинг ҳаваси келадиган саодатли оилалардан бири эдик.     Кейинги пайтларда уруш-жанжалимиз кўпайиб, эрим икковимиз бир-биримизни тушунмаяпмиз. Зиддиятлар тобора авжга чиқиб, бир-биримизни кўришни истамайдиган ҳолатга келиб қолдик. Бу муносабатларимиз болаларга ҳам салбий таъсир қилаётгани, улар тушкун, ғамгин бўлиб қолганидан куйинаман. Оилавий можароларимиздан безиб кетган яқинларимиз ҳам ажрашишни маслаҳат беришяпти. Мен ажрашишдан қўрқмайман, шундоқ ҳам эримдан кўнглим совуган. Лекин болаларимни ўйлайман. Отасизликда уларнинг тарбияси қандай бўлади? Таъминоти-чи? Келажакда "ота-онаси ажрашган" деган тамға болаларимнинг бошини эгиб қўйишидан, уларнинг кўнгли ўксишидан қўрқаман. Тўлақонли оилада ўсмаган боланинг меҳри қаттиқ бўлади, деган гап бор. Вақтлар келиб улар мендан ранжиб, узоқлашиб кетса-чи? Мана шундай чалкаш фикрлар гирдобида қолиб кетганман. Нима қилишга бошим қотган. Наҳотки, оиламизни сақлаб қолишнинг ҳеч имкони бўлмаса?..."

 МУҲАББАТ,

Андижон шаҳри.

Ҳурматли Муҳаббатхон! Таҳририятга йўллаган мактубингизни ўқиб чиқдик ва сизга ишонч билан шуни айта оламизки, оилангизни сақлаб қолишнинг йўли ва чораси, албатта бор! Тушкунликка тушманг ва кексаларнинг "Сув бир лойқаланиб тинади" деган ҳикматомуз иборасини эсланг. Келишмовчилик ва зиддиятлар ҳар қандай оилада ҳам учрайди. Тинимсиз жанжаллар ва ёқимсиз гап-сўзлар баҳона бўлиб оила бузилаверса, дунё остин-устун бўлиб кетади-ку! Жуфтлар аввало, вазиятга вазминлик билан ёндашиб, ҳолатни ақл кўзи билан таҳлил қилсалар оила барбод бўлишига етарли сабаб тополмайдилар. Асаббузарлик ва қаҳр-ғазаб ҳолатида ажрашиш сўнгги чора бўлиб кўринади. Шунинг учун аввало, ғазабингизни енгинг. Руҳшунос, "Дилдан суҳбат" маркази раҳбари Маҳфузахон Алимованинг қуйидаги тавсияларига амал қилишга уриниб кўринг.

 

Оилавий ҳаёт -

машаққатли меҳнат

Хонадонни саодат масканига айлантириш бир инсоннинг иши эмас. Уйингиздаги меҳрли муҳит сиз ва турмуш ўртоғингизнинг муросаи мадора билан, бир-бирингизга чидаб, камчилигингизга кўз юмиб, ютуғингизни ошириб яшаш эвазига келадиган неъматдир. Узоқ йиллар бирга бахтли умргузаронлик қилиш - мўъжиза эмас, аксинча, эр-хотиннинг машаққатли меҳнати сабабли қўлга киритилади. Ҳа, оилавий ҳаёт ҳам меҳнат. Меҳнат бўлгандаям жуда оғир, машаққатли ва инсондан сабр-тоқат, матонат ва тиришқоқлик талаб қиладиган меҳнат. Меҳнатсевар инсон ҳеч қачон кам бўлмайди, муҳтожлик кўрмайди. Оилавий ҳаёт борасида ҳам шундай. Оиласини қадрлаган инсон албатта, уни барбод бўлишига йўл қўймайди. Оиласининг бахти, хотиржамлиги учун курашади. Бу курашдан толмайди, аксинча, завқланади.

"Қачон қарамай у мендан шикоят қилиб нолигани нолиган", "Эрим мендан совуган, ҳар бир ишимдан айб топади". Бу каби гапларни йиғиштиринг. Бир-бирингизни етти ёт бегоналарга ёмонлашнинг нима кераги бор? Яқинларингизга оилавий ҳаётингизни давойи достон қилиб, уларни хавотирга қўйиб, бунинг устига орага совуқчилик тушириш сизга керакми?! Гапингиз кўчага чиқса, одамлар оғзида нималар бўлиб айланишини тасаввур қиляпсизми? Қолаверса, Аллоҳ ҳар бир инсонни муносибига қовуштиради. Халқимизнинг "Ўхшатмасдан учратмас" деган гапи бежиз эмас. Хуллас, бир-бирингизнинг айб-нуқсонингизни қидиришни бас қилинг ва эсингизда бўлсин, оилангизни сақлаб қолишнинг имкони бор!

* Бир-бирингизга таъна-маломатлар отишни тўхтатинг!

* Қачонлардир бўлиб ўтган майда дилхираликларни кўтариб юрманг!

* Муаммоларни жанжал билан ҳал этолмайсиз. Бир-бирингизга нисбатан меҳрли бўлишга интилинг.

 

Ҳамиша сабрли бўлинг!

Узоқ давом этаётган низоларни тўхтатишга ҳаракат қилинг. Қоғоз-қалам олинг-да, аввал жуфтингизнинг ижобий хусусиятларини сўнг салбий жиҳатларини ёзинг. Агар сизда жуфтингизга нисбатан озгина меҳр сақланиб қолган бўлса, оилангиз барбод бўлишини истамасангиз, эрингиз бир пайтлари сизни мафтун қилган хусусиятлари хотирангиздан ўчмаган бўлади.

Яна бир қоғозга эр-хотин иккалангизнинг бирга ўтказган хуш дамларингиз, эсда қоларли бахтли кунларингизни қайд қилинг ва албатта, ёқимсиз кунларни ҳам ёзинг. Хўш, қайси бири кўпроқ экан? Шу инсон туфайли озгина бўлса ҳам бахтни ҳис қилганмисиз? Ёнингиздаги инсон туфайли сиз "оила бекаси" бўлдингизми? Жуфтингиз сабабли фарзанд деган неъмат билан тақдирланганмисиз? Агар саволларга тасдиқ жавобини берсангиз, демак оилангизни сақлаб қолишнинг иложи бор. Бунинг учун бир-бирингизга вақт беринг. Бу муддат оралиғида низоларни бартараф қилинг, талашманг, тортишманг. Бироз муддат гаплашмай туриш ҳам наф беради.

 

Ёдингизда бўлсин!

Аёл оиладаги муҳит учун ҳаммадан кўп масъулдир. Доимо қовоғингиздан қор ёғмасин, ўпка-гинани йиғиштиринг! Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун файз-барака кетишини яхши биласиз-ку! Уйингиздан барака аришини истамасангиз, унутинг ҳаммасини. Табассум қилинг, табассум ҳар доим ҳам хурсанд эканингиздан далолат бермаса-да, астойдил жилмайиш албатта, хурсандчиликларни эргаштириб келади.

 Эркак оила бошлиғи бўлса аёл -  хонадоннинг иқбол чироғи. Чироқсиз уй зулматда қолади. Зулматда вазиятни бошқариш ҳар қандай кучли раҳбарга ҳам қийин бўлади. Эрингиз билан муносабатларингизни аввалги ҳолатига қайтариш ўз қўлингизда. У сизга керакли эканини ҳис қилсин. Эрингизга "Уйимда мени севимли аёлим кутяпти" деган фикр ишдан қайтаётганида қанот берсин. Ишдан қайтгач, куни қандай ўтгани, ишида қандай ўзгаришлар борлигини сўранг. Эрингизга маънавий қувват беринг. Унга кучли, билимли эканини, эрингиз билан фахрланишингизни тез-тез таъкидланг. Буларни шунчаки, мажбурият юзасидан эмас, чин дилдан бажаринг. Бу сиз кутган самарани беради.

 

Эркакларга тавсиялар

Эркак - оиланинг устуни, раҳбари. Аёли ва фарзандларини тўғри йўлга бошлагувчи, тарбия берувчи инсон. Эркак сўзи, қаҳр-ғазаби билан эмас, балки, мақоми, ўрни, хатти-ҳаракатлари, амали билан ўрнак бўлиши керак. Оилани сақлаб қолишга сиз кўпроқ ҳаракат қилинг. Чунки аёлингиз сизга кераклигини билса, ҳамма дилхираликларни унутиб, бағрингизга талпинади.

 Рафиқангизнинг қизиқишлари, ўй-хаёллари, орзусига эътиборли бўлинг. Касбий фаолиятидаги ютуқлари хусусида суҳбатлашинг. Дугоналари кимлиги, уларнинг оилавий аҳволи, феъл-атвори билан қизиқинг. Қисқаси, муносабатингиздан рафиқангиз сизга кераклигини, фикри ёдингиз у билан машғуллигини ва албатта, унга муҳаббатли эканингизни ҳис қилсин. Рафиқангизнинг босган қадамини пойлайдиган "рашкчи" бўлманг. Аксинча, шундай йўл тутингки, хотинингиз кун давомида нималар билан шуғуллангани, ким билан суҳбатлашганини сизга ишониб гапириб берсин.

Рафиқангизни хурсанд қилишга интилинг. Чиройли гуллар, турли совғалар беринг. Бунинг учун қандайдир сабаб бўлиши шарт эмас. Шунчаки, меҳрингиз ифодаси сифатида ҳадя беринг. Ҳадя муҳаббатни оширади.

 

Оилавий ҳаётнинг олтин қоидаси

Унутманг, бўлиб ўтган дилхираликларни тинмай эслаш ва эрингизга маломат қилиш билан муносабатларни баттар чигаллаштирасиз. Эркакни жанжал, мажбурлаш ва босим билан ўзингизда сақлаб қололмайсиз. Эрингизни ром этишнинг йўли - ширин сўз, меҳр-муҳаббат ва кўнгилсизликларни унутиш.

Ҳаммага оилавий бахт ва севиб-севилиб яшаш саодати насиб этсин!

Умида АДИЗОВА

ёзиб олди.