+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 18 Март 2020
    Ҳисобот-сайлов йиғилишлари фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қилади
    Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Низомида тармоқ ташкилотларида ҳисобот-сайловлар ҳар 5 йилда бир марта ўтказилиши, касаба уюшма органлари 5 йил муддатга сайланиши…
  • 18 Март 2020
    «Билимдон» ғолиб бўлди
    Фан ойлиги Маълумки, февраль ойида вилоятимиздаги умумтаълим мактабларида математика-информатика фани ойлиги доирасида турли тадбирлар, очиқ дарслар ўтказилди. Марҳамат туманидаги 32-умумтаълим мактабида ҳам қатор тадбирлар ташкил…
  • 23 Март 2020
    Юксак мукофот муборак!
    Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида мамлакатимиз Президенти фармонига асосан юртимизнинг энг иқтидорли қизларидан бир гуруҳи Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Ушбу нуфузли мукофот билан тақдирланганлар…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Оилага эътибор - ўзлигимизга эътибор

Мутахассислар фаолиятидан

Бу аёлнинг хонадонига кириб борганингиздаёқ, ободлик, аёл кишининг борлиги шундоққина билиниб туради, саранжом-саришталикдан баҳри дилингиз очилади.

 Ҳовли гулларга тўла. Катта-кичик тувакларда, томорқа четлари, ҳатто йўлакларда ҳам анвойи гуллар барқ уриб очилиб ётибди. Томорқадаги рўзғорга ишлатиладиган сабзавот экинларига ҳам кишининг ҳаваси келадиган даражада ишлов берилган. Эгатларда биронта бегона ўт, ҳовлида ортиқча буюм кўринмайди.

Кўхликкина ёш келин ҳовлига кўлоблаб сув сепмоқда. Атрофга нам тупроқнинг ёқимли иси таралади. "Келини ҳам қайнонасининг тутумини олибди. Покиза, чаққонгина экан", деган ўйлар хаёлимдан ўтди.

Бу сўлим ҳовли Булоқбоши туманидаги "Барлос" маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Муяссархон Абдухалилованинг ҳонадони. Муяссархон опани маҳалладошлари "Озодалик, саранжом-саришталикни, гулларни яхши кўради. Маҳаллага ҳам гул экдираверади" дея таърифлашгани бежизга эмас экан.

М. Абдухалилова 1985 йилда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини тамомлагач, Кулла тикув-трикотаж фабрикасига ишга кирди. Меҳнатсеварлиги,  ўз ишининг етук мутахъассиси бўлганлиги учун ҳам аввалига цех бошлиғи, иқтисодиёт бўлими раҳбари лавозимларида ишлади, жамоатчилик асосида хотин-қизлар қўмитасининг фабрикадаги бошланғич ташкилоти раиси сифатида ҳам фаолият юритди.  Салкам 20 йиллик меҳнати сингган корхона тугатилгач, уйида тикув-трикотаж цехи ташкил қилди. Унинг тадбиркорлиги билан маҳалладаги кўплаб қиз-жувонлар ишли бўлди. Муяссархон опанинг ҳамма билан тил топишиш, одамларнинг бошини қовуштира олиш салоҳияти ана ўша паллалар намоён бўлди. Ана шу фазилатлари туфайли у 2004 йилда маҳалла раиси этиб сайланди.

Муяссархон опа маҳалла раиси бўлиб ишлаган кезлар одамлар қалбига кириб боришга, уларнинг оғирини енгил қилишга, муаммоларини ҳал этишга ҳаракат қилди. Маҳалладошларини ҳам ўзи каби ишчан, фаол, шижоатли бўлишга ундади. 2007 йилда маҳалла "Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам!" кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиб чиқди.

Опа енгил саноат соҳасининг мутахассиси бўлгани учун ҳам уни Булоқбоши иқтисодиёт ва енгил-саноат коллежига ишга таклиф этишди. У нафақага чиққунча ана шу жамоада меҳнат қилди. Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотини бошқарди. 2009 йилда иқтидорли санъатсеварлардан иборат "Ниҳол" бадиий жамоасини ташкил этди. Орадан ҳеч қанча ўтмай "Онам айтган аллалар" кўрик-танловининг вилоят босқичида жамоа ғолиблар қаторидан ўрин эгаллади.

- "Тақдиримга ёзилган эканми, қайси муассаса ёки ташкилотда ишлаган бўлсам, жамоатчилик асосида хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси вазифасини ҳам адо этиб келдим,  -  кулиб гап бошлайди Муяссархон опа. - Нафақада бўлсамда яна  маҳалла хотин-қизларига етакчиман.

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ таъсис этилган фуқаролар йиғининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозимида иш бошладим.  Ҳудудимизда 3 минг 200 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Мутахассис сифатида  иш бошлаганимга ҳали кўп бўлмаса-да, маҳаллада қатор эътиборга молик ишларни амалга  оширишга эришдим. Хусусан, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини аниқлаш, ижобий ҳал этиш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, аёлларимизнинг саломатлигини яхшилаш, тиббий маданиятини ошириш, эрта никоҳ ва ажрашишларнинг олдини олиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка жалб этиш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида тизимли ишларни олиб бормоқдамиз. Қолаверса, маҳалладаги ёш келинлар, турмушга чиқиш арафасидаги қизлар билан бевосита иш олиб борилмоқда. Ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан биргаликда ўтказаётган учрашув, давра суҳбат ва тадбирларимиз ана шу йўналишлардаги ишлар самарадорлигини оширишга ёрдам бермоқда.

Маҳалламиз аҳлига намунали, бахтли оила қандай бўлиши керак, оилада ҳар кимнинг ўз ўрни бўлиши, оила аъзоларининг бир-бирига бўлган муносабатлари, қадриятларимиз, шунингдек, соғлом турмуш тарзи тамойиллари ҳақида кенг тушунчалар берилмоқда

     Давлатимиз раҳбари ўз маърузаларидан бирида соҳада ҳали амалга оширилиши зарур бўлган қатор долзарб вазифалар турганига урғу бериб, оилага эътибор аслида бу -  ўзлигимизга эътибор эканини алоҳида таъкидлаган эдилар. Бугун ҳудудимиздаги 521 хўжаликда 617 оила истиқомат қилади. Ҳар бир оиланинг мустаҳкам бўлиши, уларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳит қарор топиши учун зарур барча ишлар олиб борилмоқда.

Эл-юрт корига яраш, одамларга яхшилик қилиш, айниқса, можароли оилалар яраштириш бениҳоя савобдир. Муяссархон опа ана шундай эзгу ва ибратли ишларга бош бўлиб, маҳалладошлари меҳрини, ҳурматини қозона олди. Шу боис, опанинг ишларида унум, хонадонида файзу барака бор.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА