+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Аёл саломатлигига эркак ҳам масъул

Бугуннинг гапи

Оила - муқаддас қўрғон. Унинг ҳар жиҳатдан мустаҳкам бўлиши энг аввало, никоҳланган икки ёшнинг саломатлигига, тарбиясига, одоб-ахлоқига, турмушга қай даражада тайёр эканлиги, қолаверса, уқуви ва сабр-бардошига боғлиқ. Шу боис оила қурувчилар биринчи навбатда соғ-саломат, оила қуришга ҳам жисман, ҳам руҳан тайёр бўлиши лозим.

Эрта турмуш ёки никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтмаслик аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳеч биримиз унутмаслигимиз, айниқса, ёшларнинг ўзи буни яхши англашлари зарур.

Фаолиятим давомида ана шу жараёнлар билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларнинг кўп бор гувоҳи бўлганман. Бир неча йил аввал қабулимга ёш келин келиб:

- Опажон, менга ёрдам беринг. Турмуш ўртоғим шу сафар ҳам бола нобуд бўлса, ўз жавобинг ўзинг билан деган. Нима қилишни билмай қолдим. Ҳомиладор бўлишга қўрқаман. Кечалари ухлолмайман, 3 та ҳомилам тушди. Ҳар сафар учинчи ойликка ўтганда шундай кўнгилсиз ҳодиса юз беряпти. Шифокорлар қонингизда вирус бор, турмуш ўртоғингиз билан бирга даволанишингиз керак дейиш-япти. Буни эримга айтсам, у қулоқ солмяпти. Ҳамма айб сенда, соғлом эмассан, дейди. Ёрдам беринг, акс ҳолда оилам бузилиб кетиши мумкин.

    Ҳали бирон марта оналик бахтига мушарраф бўлмаган ёш жувоннинг кўзлари ёшга тўлиб айтган сўзларидан қаттиқ таъсирландим. Бу ёш оилага ёрдам беришга астойдил ҳаракат қилдим. Ўзини текширтиришни, турмуш ўртоғи билан тенг даволанишни истамаётган йигитнинг онаси билан телефон орқали боғландим. Аҳволни ётиғи билан тушунтирдим. Фарзанд кўриш учун нафақат аёл, балки эркак ҳам соғлом бўлиши кераклигини, ўғлининг ҳам тиббий кўрикдан ўтиб, даволаниши зарурлигини айтдим. Ҳомиланинг ривожланиши учун эркакнинг ҳам масъулияти муҳимлигини уқтирдим.

Бир кун ўтиб, ҳузуримга йигитнинг ўзи кириб келди. Унга хотини билан бирга даволаниши яхши самара беришини, бу тиббиётнинг оддий қоидаси эканлигини тушунтирдим. Шундан сўнг улар мутахассисларга учраб, бирга даволанишадиган бўлди.

Шу воқеадан бир ярим йилча вақт ўтиб, хонамга ўша йигит ва хотини чақалоқ кўтариб кириб келишди. Ёш онанинг юзидаги бахтиёрликни таърифлаш қийин эди. Улар тўғри маслаҳат берганим, айниқса, қайнонани ўғлини даволанишга кўндирганим туфайли ҳамма ташвишлар ортда қолиб, фарзандли бўлганликлари учун миннатдорчилик билдиришди. Айниқса, куёвнинг қувончи чексиз эди. Меҳр билан кафтимни сиқиб, қўлидаги гулдастани тутқазаркан, "Кўзларимни очдингиз, оёғим остидан нарини кўрмайдиган бўлиб қолган эканман" дея хатосини тан олди ва "Сиздан бир умр миннатдормиз. Ўғилли бўлдик. Сиз оиламизнинг энг яқин кишисига айландингиз", деди.

Уларнинг қувончини кўриб кўнглим тоғдек кўтарилди. Ҳа, ҳар бир инсон фарзанд кўришни, ўз фарзандининг соғлом, бақувват ва комил инсон бўлиб улғайишини орзу қилади. Бироқ бу орзуга етиш учун хоҳишнинг ўзи етарли эмас. Бунда ҳар бир ота-она, ҳар бир шахс ақл-идрок билан иш тутиши керак. Бу уларнинг ўз соғликлари учун масъулиятли бўлиш ҳиссидан, бу йўлдаги саъй-ҳаракатлардан иборат. Аммо ҳамма ҳам бу нарсани бирдай ҳис қилавермайди. Организмдаги турли ўзгаришлар фарзандсизлик, бепуштлик ҳолларини келтириб чиқаради. Бошқача айтганда, истаймизми, йўқми, ўзидан зурриёт қолдириш учун  жуфтликнинг иккиси ҳам соғлом бўлиши керак. Чунки она қорнида ривожланаётган ҳомила ўз ота-онасининг саломатлиги имконияти даражасида ўсиб боради. Юқоридаги воқеадаги каби ҳолатлар яъни ҳомиланинг тушиши эркак ёки аёлнинг қонида вирус - токсоплазмоз мавжуд бўлганда келиб чиқади.

Шунинг учун ҳам никоҳланувчи шахслар никоҳдан олдин албатта,  тиббий кўрикдан ўтишлари, ўзларида аниқланган касалликларни ўз вақтида даволатишлари ўта муҳимдир. Инсонмиз, иссиқ жонмиз, қолаверса, атроф-муҳит ўзгариб боряпти, турли кимёвий моддалар ёрдамида етиштирилаётган маҳсулотларни истеъмол қиляпмиз. Шу боис, ўзимиз билмаган ҳолда турли касалликларга чалинган бўлишимиз мумкин.  Буни ёшларимиз тўғри  англамоқлари лозим. Шунинг учун ҳам тиббий кўрикдан ўтишга алоҳида аҳамият қаратишимиз зарур. Бу нафақат оиламизнинг мустаҳкам бўлиши, балки умумжамият манфаатлари, миллат келажаги билан боғлиқ масала ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш,     соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодларни вояга етказиш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борада қатор қарорлар, тегишли ҳужжатлар қабул қилинган. Туманимизда ҳам мазкур йўналишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш бўйича зарур барча ишлар олиб борилмоқда.

Ўсмир қизларимиз, туғиш ёшидаги аёлларимизни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари режа асосида, тизимли равишда  йўлга қўйилган.

Бугунги кунда соғлом авлодни камолга етказиш учун аёлларгина эмас, эркаклар ҳам масъул эканлигини ҳар бир шахс англаб етиши шарт. Мунтазам чекиш, спиртли ичимликлар ичиш, ахлоқий нопоклик каби иллатлар наслга, зурриётларимизнинг носоғлом дунёга келишига сабаб бўлиши мумкинлигини, қолаверса, аёл ожиза, у ҳамиша эркак кўмагига муҳтож бўлиши, унга ҳар томонлама кўмак бериш лозимлиги, уни оғир меҳнатдан, тушкун ҳолатлардан, руҳий зўриқишлардан эҳтиёт қилиш ҳар бир эркакнинг инсоний бурчи эканлигини унутмайлик.

Дилоромхон ЭРГАШЕВА,

 

Хўжаобод тумани тиббиёт бирлашмаси аҳолини тиббий-ижтимоий ҳимоя қилиш бўлими раҳбари ўринбосари.