+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 21 Май 2020
    Улуғнорлик пиллакорларнинг шашти баланд
    "Пилла - 2020" Жорий йилда Улуғнор туманида 1 минг 190 қути ипак қурти парваришланиб, 65 тонна пилла тайёрлаш режалаштирилган. Шу кунларда етиштирилган "кумуш тола"ни йиғиб-териб…
  • 21 Май 2020
    БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!
    Эъзозли отахон ва онахонлар, мухтарама опа-сингиллар, қадрли ака-укалар, азиз андижонликлар! Сизларни Ийд Рамазон байрами билан муборакбод этамиз. Шоду ҳуррамлик, Яратганнинг улуғ ажрлари насиб этадиган ушбу…
  • 01 Июнь 2020
    Диққат, қидирув!
    Андижон тумани Отчопар МФЙ, Боғи Эрам кўчасида яшовчи, 1977 йилда туғилган Турғунов Азизбек Маҳмудович шу йилнинг 14 март куни уйидан чиқиб кетиб бедарак йўқолган. Унинг…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Оила тинч бўлса, жамият мустаҳкам бўлади

Фарзанд тарбияси, оиланинг муқаддаслиги, оила аъзоларининг бир-бирларига ҳурмат кўрсатиши, меҳр-оқибатли бўлиши халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган азалий қадриятларидандир.

Қадимдан миллатимизда оила мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзанд тарбияси масалалари ўзига хос, шарқона одоб-ахлоқ меъёрлари асосида шаклланган.  Айниқса, қизлар тарбиясида миллий қадриятларимиз, ҳаё-ибо, буви ва момоларимиз панд-насиҳатларининг ўрни ва роли жуда муҳимдир. Оилавий муносабатларни йўлга қўйишда асрлар давомида ана шу тажрибага таяниб иш кўрилади.

Оила мустаҳкам бўлишининг муҳим шартларидан яна бири бу ёшларни, хусусан, қизларни оила қуришга, мустақил ҳаётга тайёрлашдир. Чунки бўлажак оила соҳиблари оилавий ҳаёт, оиланинг муқаддас эканлиги ҳақида қанчалик кўп билимга, тушунчага эга бўлса, уқувли ва пазанда бўлса, кези келганда сабрли бўла олса, бор-йўққа қаноат қилишни уддаласа, бир-бирларини қадрласа, демак, улар албатта, ҳаётнинг ҳар қандай қийинчилигидан эсон-омон ўта олади. 

Тўғри, оилада қайнонанинг роли ҳам жуда катта. Оила   мустаҳкамлиги кўп ўринларда унинг тошу тарозисига боғлиқ бўлади. Бироқ, қарс икки қўлдан чиқади. Яхши қайнона-қайнотаси, намунали оиласи бўла туриб, ношукрлик қиладиган, ўша оилани борича қабул қилиб, хонадоннинг келини эмас, қизига айланишга уриниб кўрмайдиган қизларимиз ҳам йўқ эмас. Аёлларимиз, хафа бўлмасинлар-у, бугун қизлар тарбиясида анча бепарво бўлиб қолганмиз.  Қизларимизни эркалатиб юборяпмиз. Айтганини қилиб, "эртага бировнинг уйига боради, ота уйида яйраб олсин, бошига тушганда қилиб олади" қабилида, унинг айтганини муҳайё қилиб, уларни енгил-елпи ҳаётга ўргатиб қўйяпмиз.

Ота-она фарзандига дунёдаги энг яхши нарсаларни илиниши табиий, бироқ мана шу кўнгил бўшлигимиз, ортиқча меҳр-эътиборимиз, қизларимизнинг тантиқ, қийинчилик кўрганда сабр қилолмайдиган, эри ва қайнона-қайнотасига бўйсунишни истамайдиган келин бўлишига олиб келиши мумкинлигини ҳам унутмаслигимиз лозим.  Бундай ҳолатлар оқибатларини ҳаётда кўряпмиз. Ана шундай тарбиямиз туфайли айрим оилалар ажралишгача етиб бораяпти, шошқалоқлик, мулоҳазасизлик натижасида бегуноҳ фарзандлар тирик етим бўлиб қолмоқда. Ажралишлар таҳлил этилганда, аксарият ҳолларда келинларнинг "ўта ақллилиги", шошқалоқлиги, эркинликни яхши кўриши, сабр-қаноатли эмаслиги, йигитларнинг эса оила масъулиятини у қадар ҳис этмасликлари  кўринмоқда.

Мен туманимизда яшаб ўтган турмуш ўртоғи Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўн икки нафар аёлни яхши биламан, бир нафари ҳозир ҳам ҳаёт.  Қарангки, улардан тўрт нафарининг турмуш ўртоғи тўйи куни, тўйидан бир-икки  кун ўтгач, урушга кетган. Улар урушдан қайтмаган. Бу мушфиқ аёллар келинлик нималигини билмасдан бева қолганлар. Орадан йиллар ўтиб, ҳатто, фарзанди бўлмаса-да, турмуш ўртоқларини кутиб, қайнона-қайнотасининг хизматини қилиб, келин бўлиб тушган хонадонида яшаб ўтишди. Ота-онасиникига кетиб қолмади. Бегона эркак юзига тик қарамади.  Айтинг, уларнинг садоқати, сабри-матонатига тан бермасликнинг иложи борми? Аммо, қани ҳозир қизларимиз, аёлларимиздаги ана ўша садоқат, фидойилик? Қани ўша сабр, ўзни фидо қилишлик? Минг афсуски, бугун эрлари хорижга ишлагани кетган баъзи бир аёлларнинг қинғир йўлга  юриб кетаётганликларини ҳам кўряпмиз. Ёки эмизикли гўдагини ташлаб,  мўмай даромад илинжида ўзга юртга кетаётган аёлларимиз ҳам йўқ эмас.  Уларга инсоф берсин! Мен бу билан барча келинларни асло қораламоқчи эмасман. Бироқ назаримда ҳозир оилаларда эр-хотин ўртасидаги муқаддас ришталар сийқалашиб, самимий муносабатлар, туйғулар қадри пасаяётгандек.

Бугун Президентимиз ташаббуси билан оила мустаҳкамлигини таъминлаш, ёшлар, айниқса,  қизлар тарбияси, ажримларнинг олдини олиш бўйича жуда катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз томонидан соғлом оилани    шакллантириш, оиладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида кўплаб ҳужжатлар қабул қилинди. Бироқ, бугун бу борадаги ҳолат билан мақтана олмаймиз. Оз бўлса-да, оилавий низолар бўлиб турибди, тарбиядаги нуқсонларимиз барҳам топмаяпти. Демак, ҳали  қилишимиз керак бўлган ишлар кўп, тарғибот ишларини кучайтиришимиз, салбий ҳолатларга йўл қўяётган кишиларга нисбатан таъсир чораларини кўришимиз, уларнинг онг-шуурини ўзгартиришимиз зарур.

Туманимизда 35 мингга яқин оила бор, шундан қарийб ярми қайнона-қайнотали, қолаверса, опа-сингил, ака-ука, қондошларга эга катта оилалар ҳисобланади.  Мавжуд 66 маҳалла фуқаролар йиғинларидаги "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси фаоллари орқали нафақат маҳаллада, балки мактаб ва коллежларда, керак бўлса, меҳнат жамоаларида оилани мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш, ёшлар тарбияси, шунингдек, қайнона-келин муносабатларини яхшилаш борасида мунтазам иш олиб боряпмиз. Давра суҳбатлари, учрашув ва мулоқотлар ўтказилмоқда. Уларда оила муқаддас даргоҳ эканлиги, бахтли ва соғлом оила қандай шаклланиши, оилада келиннинг, қайнона-қайнотанинг ўрни, муомала-муносабатларда қандай меъёрларга амал қилиш лозимлиги, қизларга қайнона «қайнаганда» нималар қилиш кераклиги, қайноналарга эса бировнинг қизидан қандай қилиб яхши келин тарбиялаш мумкинлиги борасида тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда.

Маҳаллалардаги нотинч оилалар рўйхати шакллантирилган бўлиб, улар билан бевосита иш олиб борилмоқда. Ана шу оилалардаги низоларни бартараф этишга, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга ҳаракат қиляпмиз.  Бу йўналишдаги ишларимиз самараси ўлароқ, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 30 га яқин ажралиш ёқасида турган оилани тиклашга эришдик.

Бу борада маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари раислари, таълим муассасалари раҳбарларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, Ёшлар иттифоқи фаоллари, отинойилар, имом-хатиблар, маҳаллалардаги обрўли, катта ҳаёт тажрибасига эга отахон ва онахонлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ижобий самаралар бермоқда.

  Бугун келини, оила аъзолари билан муроса қилмайдиган қайноналар билан ишлаш, улар билан тил топишиш, қайсар келинни жиловлаш, айниқса, эркакларнинг оиладаги масъулиятини ошириш борасида тинмай ишлашга тўғри келмоқда. Қайноналарга "келин ҳам одам, сиз ҳам бир вақтлар келин бўлгансиз, сизнинг қизингиз, набирангиз ҳам бир оилага келин бўлади, қайтар дунё бу", келинларга эса, "сиз ҳам ҳадемай қайнона бўласиз, қайнонага нима қилсангиз, ўзингизга ҳам шу қайтади" қабилидаги панду насиҳатлар билан оилаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилаяпмиз. Чунки ҳар уйнинг ўзига яраша иқлими, тош-тарозиси бор, ҳар кимнинг ўзига яраша феъл-атвори, инжиқликлари бор.

Бугунги шиддат билан ривожланаётган давр биздан  шижоат билан ишлашни талаб этмоқда. Қачонки, биз ўз ишимизга масъулият билан ёндашиб ишласак, ҳар бир оилага кириб бора олсак, кўзлаган мақсадларимизга эриша оламиз. Жамиятимизда ҳеч бир оила пароканда бўлмасин, норасида гўдаклар чирқиллаб қолмасин. Зеро, аёл бахтли бўлса, оила тинч, оила тинч бўлса,  жамият мустаҳкам бўлади. Мақсадимиз, ана шунга эришиш.

Марҳабохон ТОЖИБОЕВА,

Қўрғонтепа тумани "Қайноналар кенгаши" жамоачилик тузилмаси раҳбари.