+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

19 Окт 2017

ПАХТА - ЮРТ ТАЯНЧИ

(43-сон)

Бир гуруҳ зиёлиларнинг вилоятимиз аҳлига М У Р О Ж А А Т И

Ҳурматли юртдошлар, бир  сўзли андижонликлар!

Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида маънавий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг аксарият соҳаларини либераллаштириш бўйича ҳаётимизнинг барча жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар наинки халқимиз, ҳатто жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам қизғин қўллаб-қувватланмоқда.

Дарҳақиқат, Сиз билан бизнинг кўз ўнгимизда содир бўлаётган ижобий ўзгаришлар ҳар бир маҳалла, қишлоқ ва шаҳарлар қиёфасида янада ёрқинроқ намоён бўлаётир. Шубҳасиз, бунда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури асосида олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар устувор ўрин эгалламоқда.

Олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад-мазмуни битта: у ҳам бўлса, мамлакатимиз салоҳиятини бундан-да ошириш ва шу орқали аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришдан иборатдир. Узоққа бормайлик, жорий йилнинг 2-3 июнь кунлари Президентимиз вилоятимизда бўлиб, айнан ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишганликлари, кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан ўзларининг маслаҳатларини берганликлари замирида улкан бунёдкорлик, энг муҳими, замонавий технологияга асосланган ишлаб чиқаришни жорий этишдек олижаноб мақсадлар ётибди.

Айниқса, кейинги йилларда иқтисодиётимиз хом ашё ўрнига тайёр маҳсулотни экспорт қилишга йўналтирилаётганлиги ҳудудларни жадал ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Бу, айниқса, чекка-чекка қишлоқларда ташкил этилган енгил саноат корхоналарида минглаб юртдошларимизни иш билан таъминлашга, опа-сингилларимизни ўзлари севган касбни ардоқлаб, меҳнат қилишларига қулай шароитлар яратмоқда.

қиёси жиҳатидан жаҳон андозалари талабларига тўла жавоб берадиган Хўжаобод туманидаги "Навигул" қўшма корхонаси қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган янгиланишларни ўзида тўлақонли мужассам этганлиги билан ажралиб туради. Вилоятимизда яна бир қатор ана шу кўринишдаги лойиҳалар ҳадемай рўёбга чиқади.

Булоқбоши, Бўз ва Улуғнор туманларида тез суръатларда барпо этилаётган тўқув ва тикув мажмуаларини фойдаланишга топшириш ҳамда минглаб қишлоқ аҳолисининг бандлигини таъминлаш бўйича ишлар бормоқда.

Муболағасиз айтиш жоизки, халқимиз ўз олдига юксак мақсад ва вазифалар қўйган экан, унинг ижросида халқимиз "оқ олтин" дея ардоқлайдиган ва эъзозлайдиган пахтанинг ўрни алоҳида эканлиги асл ҳақиқатдир. Дунё зироатчилигида бир неча минг турдаги маданий ўсимликлар бор. Бироқ улар олдида стратегик хом ашё ҳисобланадиган пахтанинг такрор ва такрор қайта ишланадиган, шу билан бирга,  ишчи ўринлари яратишдаги  ўрни алоҳида эканлиги маълум.

Шу жиҳатдан олганда, юртимизга Яратгандан бебаҳо бойлик инъом этилганки, биз ўз пахтамиз билан жаҳон бозоридаги ўрнимизни мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамжамият билан янада яқин муносабатларга киришиш имкониятларига эгамиз.

Сўнгги йилларда пахтамизни ўзгалар бозорида эмас, айнан Тошкент шаҳрида ўтказилаётган халқаро "Ўзбек пахтаси" савдо ярмаркасида сотаётганлигимиз ҳам юқоридаги фикримизнинг тасдиғи бўлади. Ушбу савдо ярмаркасида иштирок этаётган мамлакатлар ва компаниялар сонининг йилдан-йилга ортиб бораётганлиги    ташқи бозордаги иштирокимизни  кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Бугун бебаҳо бойлигимиз манбаи бўлган пахтамизнинг кўп қисми бепоён далаларда Сиз билан бизга маҳтал бўлиб турибди.

Ишнинг кўзини билган, ўз сўзига содиқ  фермерларимиз аллақачон 40 центнерлик маррани эгаллаган ҳолда даласида қолган ҳосилнинг бир чигитини ҳам қолдирмаслик ҳаракатида бўлишмоқда. Юзлаб фермерларимиз эса 40 центнерлик марра бўсағасида туришибди.

Булоқбоши ва Пахтаобод туманлари фермерлари ва деҳ-қонлари жорий йил учун белгиланган режага қўшимча равишда ҳосил тайёрлаётганликлари ҳар қанча таҳсинга лойиқ.

Пахта ҳосилини етиштириш бир тараф бўлса, уни йиғиб-териб олиш ва омборга жойлаш бир тарафдир. Бунда ташкилотчилик ва ташаббускорлик алоҳида ўрин тутади. Қайси фермер хўжалигида шартнома режалари оширилиб бажарилаётган экан, демак, ўша жойда ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик бор. Хўжаликлар аъзолари қаторида уюшмаган аҳоли вакилларининг ҳиммат кўрсатаётганликлари янада қувонарли, албатта. 

Шу ўринда уюшмаган аҳоли вакилларининг бу борадаги ташаббускорлигига бир назар ташлайлик. Балиқчи туманидаги Қияли маҳалла фуқаролар йиғини ўрамида яшовчи уюшмаган аҳоли вакиллари томонидан "Намуна пахтакори" фермер хўжалигидаги ҳашар натижасида фермер хўжалиги тез кунда режани бажарди. Йиғим-теримга ажратилган маблағ маҳалла аҳолисида қолди.

Шу тумандаги "Fалаба" массивида узоқ йиллар пахтачилик бригадасига етакчилик қилган, қишлоқ аёллари раҳбари бўлган меҳнат фахрийси Замирахон ая Паттахонованинг ташаббуси янада ўзгача бўлдики, ҳудуддаги 115-,116-,117-йиғим-терим отрядлари пешқадамлик қилаётган илғорларни рағбатлантириш мақсадида ҳаж сафарига жамғараётган маблағидан 5 миллион сўмини илғорларга тарқатди.

Олтинкўл туманидаги Андижон маҳалла фуқаролар йиғини  ўрамида яшовчи уюшмаган аҳолининг 120 нафари "Андижон" массивидан ташқарида, қўл кучига эҳтиёжи бўлган      бошқа ҳудудлардаги фермер хўжаликларида пахта теришмоқда. Маҳалла раиси Қаҳрамон Эшонов ушбу ташаббусга бош-қош бўлмоқда.

Жалақудуқ туманидаги "Обод водий салтанати" фермер хўжалигида 40 центнерлик марра эгалланган, иккинчи терим кўзни яйратадиган даражада. Хўжалик хирмонининг юксалишига ўнлаб фахрийлар баҳоли қудрат ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Вилоятимизнинг барча туманларидан бундай     илғорларни кўплаб мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Халқимизнинг бағри кенг.  Эл ишига эш бўлишга маҳкам бел боғлайди. Бу қадимий удумни юрагига жойлаган минг-минг-лаб юртдошларимизнинг меҳнатлари билан вилоятимиз пахта хирмонини янада юксалтириш учун беқиёс имкониятимиз мавжуд. Ана шу имкониятни ишга солиш бугун энг савобли амалга киради.

Азиз ва муҳтарам  андижонликлар!

Мамлакатимизга пахта етиштириш усталари юрти деб танилган вилоятимиз шон-шуҳратини ошириш Сиз ва бизнинг қўлимизда. Такрор айтамизки, далаларимизда кўзлангандан зиёд ҳосил бор.

Шуни эътиборга олиб, мурожаат этамизки, жорий йилнинг 15 октябридан 15 ноябрига қадар "Зарбдор ойлик" эълон қилайлик. Ватанпарварлик туйғуси орқали вилоятимизнинг пахта хирмонини юксалтириш баробарида иқтисодиётимизнинг янада жадал ривожига ўз ҳиссамизни қўшайлик.

Бунда кўпни кўрган фахрийларимиз, зиёлиларимиз, ёш етакчилар, ҳиммати баланд барча юртдошларимиз ташаббускорликни қўлга олишлари мақсадга мувофиқдир. Зеро, Андижон деганда, халқимиз кўз олдида танти, мард, олижаноб ва энг муҳими, ташаббускор инсонлар намоён бўлади.

Сизларга ушбу зарбдор ойликда фаол иштирок этишларингизни ва барчанинг хонадонларида ҳамиша хотиржамлик бардавом бўлишини Яратгандан сўраб қоламиз. Сизларни ана шундай ҳақиқий меҳнат байрамида фаол иштирок этишга чорлаймиз. Бу савобли ишда улкан муваффақиятлар ва мустаҳкам сиҳат-саломатлик ёр бўлсин.

Шукуржон МАМАТҚУЛОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони. 

 

Тўлан НИЗОМ,

Ўзбекистон халқ шоири. Сайфиддин ЖАЛИЛОВ, фахрий профессор.

 

Зокиржон МАШРАБОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.

 

Манзурахон ЭГАМОВА,

 Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими.

 

Андижон шаҳри, 2017 йил 14 октябрь.