Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Гендер тенглиги - барқарор ривожланиш асосларидан бири”лойиҳаси доирасида чоп этилди.
ҲуҚуҚий саводхонлик
ГЕНДЕР ТЕНГЛИГИ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?
Газетамиз муштарийлари гендер тенглиги масаласида ўзларини қизиқтирган қатор саволлар билан мурожаат қилишди. Ана шу саволларга мутахассислардан жавоб олдик. Қуйида уларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Мамлакатимизда гендер тенглиги билан боғлиқ муносабатлар қайси қонунчилик ҳужжати асосида тартибга солинади?
Мамлакатимизда гендер тенглиги билан боғлиқ муносабатлар Олий Мажлис қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 17 августда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 23 августда маъқулланган, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 2 сентябрда имзоланган 7 боб, 32 моддадан иборат "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан тартибга солинади. Қонуннинг 1- моддасида "Ушбу қонуннинг мақсади хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат" деб белгиланган.
Қонунда қандай асосий тушунчалар қўлланилади?
Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади (3- модда):
- гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар - жинсларнинг нотенглигини бартараф этиш, хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳақиқий ёки асос бўладиган тенглигини таъминлаш бўйича аниқ мақсадларга эришиш учун давлат органлари томонидан кўриладиган ҳуқуқий, ташкилий ҳамда институциявий хусусиятга эга чора-тадбирлар;
- гендер - хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳати;
- гендер статистикаси - давлат статистикасининг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳолати тўғрисида ҳар бир жинс бўйича алоҳида кўрсатилган маълумотларни ўз ичига олган, ҳар хил жинсдаги шахсларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларидаги тегишли ҳолатини акс эттирадиган, гендер муаммоларини ва жамиятдаги муносабатларни ёритадиган қисми;
- гендер-ҳуқуқий экспертиза - норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда уларнинг лойиҳаларини хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқлиги юзасидан таҳлил қилиш;
- гендерга оид аудит - давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида, шу жумладан кадрлар сиёсатини олиб боришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолатини, шунингдек гендерга доир комплекс ёндашувни ўрганиш ва баҳолаш;
- жинс бўйича бевосита камситиш - жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини тан олмасликка қаратилган ҳар қандай тарзда фарқлаш, истисно этиш ёки чеклаш, шу жумладан оилавий ҳолати, ҳомиладорлиги, оилавий мажбуриятлари туфайли камситиш, шунингдек шаҳвоний шилқимлик қилиш, тенг меҳнат ва малака учун ҳар хил ҳақ тўлаш;
- жинс бўйича билвосита камситиш - бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни, ҳолатларни ёки мезонларни яратиш, шу жумладан гендер тенгсизликни оммавий ахборот воситалари, таълим, маданият орқали тарғиб этиш, муайян жинсдаги шахслар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ёхуд талаблар белгилаш;
- гендерга доир комплекс ёндашув - давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўз фаолиятини, шу жумладан, кадрлар сиёсатини олиб боришни хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ташкил этиш.
Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари нималардан иборат?
Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат (4-модда):
- қонунийлик;
- демократизм;
- хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги;
- жинс бўйича камситишга йўл қўйилмаслиги;
- очиқлик ва шаффофлик.
Саволларга вилоят адлия
бошқармаси шўъба мудири
Умиджон ҲакИмов жавоб берди.