Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Гендер тенглиги - барқарор ривожланиш асосларидан бири”лойиҳаси доирасида чоп этилди.
Семинар
Назариядан амалиёт сари
Тошкент шаҳрида “Назариядан амалиёт сари” мавзусида Германия ва Латвия тажрибаси асосида бошқарувда хотин-қизлар фаоллигини рағбатлантириш, гендер тенглигини таъминлаш масалаларига бағишланган халқаро семинар бўлиб ўтди.
Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамда Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ) томонидан ташкил этилган семинарда ҳамкор ташкилотлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, гендер масалалари бўйича масъуллар, шунингдек, “Раҳбар аёллар мактаби” битирувчилари иштирок этишди.
Семинарда Германия ва Латвия тажрибасига асосланган бир қатор долзарб масалалар, жумладан, ҳуқуқий тартибга солиш таъсирини баҳолаш, гендер тенгликни интеграция қилиш, гендерга асосланган зўравонликка қарши курашиш бўйича қонунчиликнинг самарадорлиги, кўрсаткичлари ва баҳолаш мавзулари бўйича мутахассис ва экспертларнинг маърузалари тингланди.
Шундан сўнг иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, амалий машғулотлар ўтказишди. Хусусан, Ўзбекистоннинг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларига нисбатан халқаро тажрибалар асосида баҳолаш ишлари олиб борилди.
Ўзбекистон қонунчилигини такомиллаштириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилиши режалаштирилган семинар фаол баҳс-мунозаралар ва интерактив муҳокамалар асосида ўтди. Ушбу семинар иштирокчиларнинг билим ва тушунчалрини янада бойитишга хизмат қилди.
Дилдорахон ТОЖИБОЕВА,
Андижон шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори, семинар иштирокчиси.