Версия для печати
26 Сен 2025

МАҚСАДИМИЗ, АҲОЛИНИ ЗАҲАРЛАНИШ ВА ЗАРАРЛАНИШЛАРДАН АСРАШ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Жараён

Аҳолининг турли зарарланиш ва заҳарланишлардан сақлаш, жойларда юқумли касалликлар келиб чиқиши ва  тарқалишининг олдини олиш, гигиена ва эпидемиология ҳолатини яхшилаш, юридик ва жисмоний шахслар томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига амал қилинишини назорат қилиш, мазкур йўналишда   тарғибот ишларини олиб бориш, аҳолининг жамоат саломатлиги ва касалликлар профилактикаси ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталиги билан боғлиқ билим ва тушунчаларини бойитиб бориш Санитария-эпидемологик осойишталик ва жамоат саломатлиги тизими вакиллари зиммасига юкланган.

Жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида бўлгани каби бизнинг тизимда ҳам кейинги йилларда қатор ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан Ўзбекистон Республикасининг 6 боб, 42 моддадан иборат "Аҳолининг санитария-эпидемологик осойишталиги тўғрисида"ги қонуни, давлатимиз раҳбари, Вазирлар Маҳкамасининг қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Ана шу ҳужжатлар тизим фаолиятини самарали олиб борилишида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб келмоқда.

Мазкур йўналишда Балиқчи туманида ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Андижон вилояти Санитария-эпидемологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази Балиқчи туман бўлими томонидан туманда зарур барча ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда туманимизнинг 66 та маҳалласидаги 39 минг 100 дан зиёд хонадонда 220 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Бўлимимиз ходимлари ана шу аҳолига, шу билан бирга, тумандаги юридик ташкилотларга хизмат кўрсатиб келмоқда.

Бўлимимизда 7 та -  санитария ва гигиена, эпидемология, паразитология, зарарсизлантириш бўлинмаси ҳамда бактериология, санитария-гигиена, паразитология  лабораториялари ташкил этилган. Бўлинма ва лабораторияларда фаолият олиб бораётган шифокор ва мутахассисларимиз белгиланган ойлик ва йиллик режа асосида иш олиб боришмоқда, амалдаги тартиб ва меъёрлар доирасида туманимиздаги корхона, ташкилот ва муассасаларда ўрганишлар, мониторинг текширувлари ўтказишмоқда.  Ходимларимизнинг самарали иш олиб боришлари учун зарур шароитлар яратиб берилган, лабораторияларимиз эса вакциналар, бактериофаглар, дезинфекция воситалари, кимёвий реактивлар, тиббий жиҳозлар ҳамда зарур  асбоб-ускуналар билан таъминланган.

Фаолиятимиз давомида, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги оғир металл тузлари миқдорининг ишқорийлиги ва ачимтирлиги ҳамда ичимлик сувлари ҳолати бўйича текширувлар муҳим аҳамият касб этади. Хизматимиздаги муҳим жиҳатлардан яна бири бозорлар, умумий овқатлариш шаҳобчалари ҳамда озиқ-овқат дўконларидаги маҳсулотларнинг истеъмолга яроқлилиги текширувларидир. Чунки ушбу жараён  аҳолининг юқумли касалликларга чалинишининг, турли юқумли касалликлар келиб чиқишининг олдини олишда муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари,  туман ҳудудидаги булоқ, қудуқ ва  сизот сувлари сифати, истеъмолга яроқлилиги бўйича текширувлар ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Овқатланиш гигиенаси бўлинмасида озиқ-овқат маҳсулотларини гигеник хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича доимий равишда лабаратория синовлари ўтказиб борилади. Бунда аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги зарарли моддаларни аниқлаш, салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича зарур ишлар олиб борилади.

 Коммунал гигиена бўлинмасида эса аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида аҳоли истеъмол қилаётган сувлар доимий равишда лаборатория синовларидан ўтказиб борилади.

Ана шу ишларни бажаришда лабораториянинг овқатланиш,  коммунал, меҳнат ва заҳарли оғуларни текшириш бўлинмалари мутахассисларининг фаолияти алоҳида эътирофга муносиб.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2018 йил 27 августдаги "Республикада вирусли гепатитларга қарши кураш тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғи ижросини таъминлаш бўйича туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда жойларда қатор режали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, тумандаги мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, даволаш профилактика ташкилотларининг 14 минг 100 нафар тиббий ходими кўрикдан ўтказилди. Умра сафари зиёратчиларининг 772 нафари безгакка қарши эмланди. Шунингдек, болалар ўртасида белгиланган йўналишлар бўйича ёшга доир эмлашларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш юзасидан марказий поликлиника, оилавий поликлиника, қишлоқ шифокорлик пунктлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Тиббий муассасалар патронаж ҳамшираларига зарур тавсия ва тушунтиришлар берилди.

Туман аҳолиси ўртасида юқумли касалликлар келиб чиқиши ва тарқалишининг  олдини олиш мақсадида дезинфекциялаш ишлари ҳам белгиланган тартиблар асосида, ўз вақтида олиб борилмоқда. Жумладан, юқумли касалликлар қайд этилган ҳудудларда, аҳоли хонадонлари, умумтаълим ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида дезинфекциялаш ишлари амалга оширилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида 212 та  касаллик қайд этилган ўчоқларда сифатли дезинфекциялаш ўтказилди. Бундан ташқари, тумандаги аҳоли кўп йиғиладиган масканлар, бозорларда, жоме масжидларда, " Уч соҳил" болалар дам олиш оромгоҳида, кўп қаватли уйларнинг йўлаклари ва ертўлаларида дезинфекциялаш ишлари олиб олиб борилиб, сан-эпидемологик ҳолат билан боғлиқ турли хавфларнинг олди     олинди.

Фаолиятимизда тарғибот-тушунтириш ишларига алоҳида эътибор қаратамиз. Чунки ҳар қандай кўнгилсиз ҳолатни бартараф этгандан кўра, унинг олдини олган афзалроқдир. Шу маънода ходимларимиз томонидан озиқ-овқатлардан заҳарланишнинг олдини олиш, агар ана шундай ҳолат юзага келса, қандай ҳаракатланиш бўйича меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида доимий равишда  тарғибот тадбирлари, суҳбат ва мулоқотлар ўтказиб    келинмоқда.

Мисол учун "Маҳаллабай" ишлаш тизими асосида  туман маҳаллаларидаги 39 мингдан зиёд хонадонга уйма-уй кириб чиқилди. Аҳолига санитария ва эпидемиологик ҳолат бўйича тушунчалар берилди, тарқатма материаллар тарқатилди. Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларида йил бошидан 485 марта режали ва мониторинг текширувлари, ўрганишлар ўтказилди. Мактабларнинг ўқитувчи, ўқувчилари, боғчаларнинг тарбиячи ва тарбияланувчиларининг мазкур йўналишдаги билим ва тушунчаларини бойитиш бўйича суҳбатлар ўтказилди.

Фаолиятимиз самарадорлигини оширишда кўп йиллардан буён бўлимимизда иш олиб бораётган Турғунбой Араббоев, Миролим Комилов, Ёқутхон Ҳайитова, Носиржон Абдуллаев, Фотимахон Ибрагимова, Абдумаъруф Маҳмудов, Икромжон Муродов, Сайёра Раҳматова, Баҳромжон Маткаримов сингари катта тажрибага эга, малакали шифокор ва мутахассисларимизнинг хизматлари катта.

Мухтасар айтганда, юқорида айтиб ўтилган ва қилиниши лозим бўлган бошқа ишларни бажариш асносида бизнинг асосий эътиборимиз туманимизда яшовчи 220 минг нафарга яқин аҳолининг саломатлиги, уларни турли юқумли касалликлардан асраш, келиб чиқиши мумкин бўлган касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг бу борадаги билим ва тушунчаларини бойитишга қаратилади.

Бахтиёржон МАМАДАЛИЕВ,

вилоят Санитария-эпидемологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази Балиқчи тумани бўлими раҳбари.

Прочитано 35 раз
iqbol

Последнее от iqbol