Дил изҳори
Юртимизда кенг нишонланадиган Ўқитувчилар ва мураббийлар куни таълим соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган устозларимизга бўлган чексиз ҳурмат ва миннатдорлик рамзидир. Зеро, ўқитувчи шахсининг жамият тараққиётидаги ўрни беқиёс бўлиб, ота-она болани жисман дунёга келтирган бўлса, устозлар уни маърифий ва маънавий жиҳатдан камол топтирадилар. Бежиз халқимиз ўқитувчиларга нисбатан "Устоз отангдек улуғ", деб айтмаган.
Устозларга эҳтиром кўрсатиш қадим аждодларимиздан ота меросдир. Ҳазрати Навоий ғазалларидан бирида бир ҳарф ўргатган устознинг ҳақини юз ганж билан ҳам адо этиб бўлмаслигини таъкидлаб ўтган. Буюк Амир Темур ўз жасадини устози Саид Барака пойи томонига кўминглар, деган васиятнинг замирида ҳам устозга нисбатан улуғ эҳтиром ётибди.
Дарҳақиқат, инсоният тараққиётининг барча босқичларида устозлик энг шарафли ва масъулиятли касб сифатида эътироф этилганини тарих саҳифаларидан биламиз. Шунинг учун ҳам бугунги кунда юртимизда таълим-тарбия масаласига давлат даражасида эътибор қаратилиши билан бирга ўқитувчи шахсининг обрў-эътиборини ошириш, уларнинг касбий фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ёш авлодни баркамол инсон қилиб тарбиялаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шу боис, устозни қадрлаш, бу миллатни қадрлаш, устозни эъзозлаш, бу - келажакни эъзозлашдир. Ўқитувчиларга бўлган ҳурматимиз ва эҳтиромимиз уларга энг катта мукофотдир. Шунинг учун буюк Жалолиддин Румий айтмоқчи, ҳаёт йўлимизни ёритиб турувчи машъала - устозларимизга чексиз ҳурмат ва эҳтиром кўрсатайлик.
Зилолахон ҚАМБАРОВА,
АДУ тарих ва ижтимоий фанлар факультети 1-босқич талабаси.