Қилмиш-Қидирмиш
Мамлакатимизда барча соҳаларда қонун устуворлигини, амалга оширилаётган ишларнинг адолатли, шаффоф бажарилишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Қонуний, белгиланган тартиблар асосида бажарилган иш ҳамиша эътироф этилади.
Қайси соҳа вакили бўлмасин, у тадбиркор дейсизми, қурувчими ёки оддий ҳунарманд - ҳалол йўл тутса, ноқонуний ишга қўл урмаса, қилган ишининг роҳату фароғатини кўрганига кўп бор гувоҳ бўламиз. Аксинча бўлса-чи?! Албатта унинг натижаси яхши бўлмайди. Бунинг ортида албатта жавобгарлик туради.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Бўстон туман бўлими талабномасига асосан "Ziyo-2002 MX" МЧЖ томонидан тумандаги 48- сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб бино ва иншоотларни таъмирлаш ишлари, объектда бажарилган ишлар юзасидан тайёрланган тегишли ҳужжат ва ҳисоботлар кўриб чиқилганида, корхона раҳбари З.К. томонидан бажарилмаган ишлар учун сохта ҳужжатлар тайёрланганлиги маълум бўлди.
Ушбу ҳолат бўйича тақдим этилган иш Жиноят ишлари бўйича Бўстон туман судинингочиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.
Маълум бўлишича, жамият қурувчилари томонидан шартнома бўйича 1 миллиард 57 миллион 437 минг 900 сўмлик иш бажарилган. Лекин аниқланишича, шартномадаги Форма-1, Форма-3 шаклдаги ҳужжатларга сохта маълумотлар киритилиб, бажарилмаган ишлар учун 9 миллион 436 минг 747 сўм қўшиб ёзилган.
Суд "Ziyo-2002 MX" МЧЖ раҳбари З.К. ўз ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 61- моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган, деган хулосага келди.
Ҳуқуқбузарга жазо тайинлашда унинг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлигини, содир қилган ҳуқуқбузарликнинг моҳиятини тушуниб етганлиги, моддий зарарни тўлиқ қоплаганлиги, оилавий шароитини ҳисобга олиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 61-моддасининг биринчи қисми санкциясида назарда тутилган жарима жазоси тайинлади. Суд қарорига кўра, ҳуқуқбузар базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, яъни 1 миллион 125 минг сўм жарима тўлайдиган бўлди.
Унутмаслик керакки, қонун устуворлигини таъминлаш борасида катта ишлар қилинаётган юртимизда ҳар қандай ноқонуний иш, албатта ўз жазосини олади.
Муроджон МАМАДИЕВ,
Бўстон туман судининг тергов судьяси.