Версия для печати
26 Сен 2025

ҲАМШИРАЛИК МАСЪУЛИЯТЛИ ВА ШАРАФЛИ КАСБ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги тиббий муассасаларда бугунги кунда 1 минг 500 нафар ўрта тиббиёт ходими - ҳамширалар самарали фаолият юритишмоқда. Уларнинг аксарияти кўп йиллик тажрибага эга, малакали ҳамширалардир. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, касалликлар профилактикаси, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва юртдошларимизнинг тиббий маданиятини юксалтиришда уларнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта.

Ҳамширалик касбини танлаган инсон аввало, зиммасидаги бурч ва масъулиятини чуқур  англаши, касбига фидойи бўлиши лозим. Шундагина у жамоада, одамлар ўртасида ҳурмат-эътибор топа олади. Бирлашмамизда ана шундай ҳамширалар талайгина. Улардан марказий поликлиника Луғимбек филиали катта ҳамшираси Шоҳидахон Ортиқова, 28- оилавий поликлиника катта ҳамшираси Шоҳидахон Ўринбоева, Чувама оилавий поликлиникаси катта ҳамшираси Ферузахон Қорабоева,  шунингдек, Наврўзобод оилавий шифокорлик пункти катта оғаси Шуҳрат Абиддинов намунали иш олиб бораётган ҳамкасбларимиздир. Шу билан бирга, Гулчеҳра Усмонова, Минаввар Пакирдинова, Асилбек Уришев, Ойдиной Аҳмедова сингари патронажларимиз ҳам  самарали фаолияти билан   ҳамкасбларига намуна бўлишмоқда. 

Биламизки, кейинги йиллар бирламчи тиббий санитария ёрдами тизимини такомиллаштириш ва ривожлантириш даври бўлди. Бирлашмамизда ана шу тизим мутахассислари, хусусан, патронаж  ҳамширалар фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, соҳага қаратилаётган эътибор, ҳукуматимиз,  Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли қарор ва буйруқлари билан патронаж ҳамшираларимиз янги иш кийими, зарур жиҳоз ва воситалари ҳамда махсус сумкалар билан тўла таъминланган.

Патронаж ҳамширалар хонадонларга ташрифлари чоғида ҳомиладор ҳамда чилла давридаги аёллар, илк ёшдаги чақалоқларнинг уй шароитида парвариши, уларнинг саломатлигига таъсир этувчи хавф ва хатарларни эрта аниқлаш юзасидан зарур тавсия ва маслаҳатлар бериб бораётганликлари турли кўнгилсизликларнинг олдини олмоқда.

Бирлашмамизда ҳамшираларнинг касбий билим ва малакасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Белгиланган режа асосида улар малака ошириш курсларига юборилмоқда, ёш мутахассислар эса "Устоз-шогирд" анъанаси асосида малакали ва тажрибали ҳамшираларга бириктирилади.

 Ҳамшираларимиз турли танлов ва тадбирларда ҳам фаол иштирок этиб келишмоқда. Жумладан, уларнинг касбий малакасини юксалтириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Йил ҳамшираси" кўрик-танловининг ҳудудий ва туман босқичлари юқори кўтаринкилик билан ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилда туманимиздаги 30- оилавий поликлиника ҳамшираси Марғубахон Пазлиддинова танловнинг туман босқичида биринчи ўринни қўлга киритиб, вилоят босқичида муваффақиятли иштирок этди. 

Бир сўз билан айтганда, масъулиятли ва шарафли касбини сидқидилдан адо этиб, туман аҳолисининг саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш ишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бирлашмамиз ҳамширалари ҳамиша  халқимиз хизматидадир. 

Нодирахон КОМИЛОВА,

туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси.

Прочитано 32 раз
iqbol

Последнее от iqbol