ЖАРАЁН
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан йўлга қўйилган "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини ислоҳ қилиш, мавжуд молиявий имкониятларни энг муҳим масалаларга жалб этиш, бюджет сарфи жараёнининг шаффоф ва очиқлигини таъминлаш, қолаверса, мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, фуқароларнинг жамият ҳаётида фаол иштироки ва дахлдорлик ҳиссини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
2025 йилнинг биринчи ярмида "Ташаббусли бюджет" дастури доирасида "Очиқ бюджет" ахборот порталида ўтказилган онлайн танловида ғолиб деб топилган лойиҳалар доирасида Андижон вилоятининг 75 та маҳалласидаги 80 та объект учун ажратилган 115,1 миллиард сўм маблағ ҳисобига 283,2 километр узунликдаги ички йўллар асфальтланиши белгиланган. Ушбу ишлар натижасида маҳаллаларнинг 487 та кўчасида яшовчи 84 минг 900 нафар аҳолига қулайликлар яратилади.
Лойиҳа доирасида жорий йил 1- мавсумда Хонобод шаҳри, Андижон, Булоқбоши туманларида 3 тадан, Бўстон, Жалақудуқ туманларида 6 тадан, Олтинкўл, Пахтаобод, Улуғнор туманларида 2 тадан, Марҳамат, Кўрғонтепа туманларида 5 тадан, Асака туманида 10 та, Балиқчи туманида 8 та, Шаҳрихон туманида 7 та, Хўжаобод туманида 4 та, Избоскан туманида 9 та маҳалладаги кўчаларга асфальт ётқизилади. Айни пайтда қатор маҳаллаларда ишлар якунига етказилган, бир қатор маҳаллаларда эса асфальтлаш ишлари давом этмоқда.
- Айни пайтда ҳаво ҳароратининг иссиқ бўлишига қарамасдан лойиҳалар доирасидаги ишлар режа асосида изчил олиб борилмоқда, - дейди Андижон минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат муассасаси бош муҳандиси Диёрбек Мадраҳимов. - Айниқса, белгиланган таъмирлаш ишларининг сифатли амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Олиб борилаётган таъмирлаш, асфальтлаш ишлари натижасида узоқ йиллардан буён ҳал бўлмасдан, аҳолисини қийнаб келаётган йўл билан боғлиқ муаммолар бартараф этилмоқда. Яъни таъмирталаб, носоз йўллар таъмирланиб, асфальтланмоқда. Йўллар равон бўлиб, фуқароларнинг турмуш фаровонлиги яхшиланмоқда.
- Маҳалламиздаги 8 та кўчада 6 минг 300 нафардан зиёд аҳоли яшайди, - дейди Асака туманидаги "Арғин" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ойдиной Ҳайдарова. - Шу кунларда 4 минг 100 метрли Иттифоқ кўчамиз асфальтланиб маҳалламизга янада файз кирди.
Ички кўчаларимизга Андижон минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат муассасаси буюртмачилигида "Vodiy yo'l trans qurilish ta'mirlash" масъулияти чекланган жамияти йўлсозлари томонидан асфальт ётқизилди. Ишларнинг сифатли бажарилганлиги, айниқса, йўлларимизнинг текис ва равон бўлганлигидан каттаю кичик хурсанд.
Бир сўз билан айтганда, вилоят йўлсозлари, йўл қурувчилар томонидан "Ташаббусли бюджет" танловида ғолиб бўлган лойиҳалар доирасида белгиланган ишлар режа асосида бажарилмоқда. Жумладан, йилнинг биринчи ярмида 37 та маҳалладаги 40 объектда қурилиш-таъмирлаш ишлар якунланиб, 158,1 километр узунликдаги маҳалла йўллари асфальтланди.
Юлдузой МАЛЛАБОЕВА,
вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.