Версия для печати
12 Май 2023

Фарзандингизни болалигидан китоб ўқишга қизиқтиринг

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Мулоҳаза

Китоб мутолааси, кўп китоб ўқиш ҳаётнинг барча жабҳаларида инсонга тўғри йўлни топишига, оқ-қорани, яхши-ёмонни теранроқ англашига ёрдам беради. Кўп китоб ўқиган киши ҳаётдаги жараёнларни чуқур англайдиган, мулоҳазали, кўпчиликка фикр бера оладиган зиёли ва саводли бўлади.

Китоб ўқишга бўлган муҳаббатимиз нафақат мактабда, балки ҳаётимизнинг барча даврида, меҳнат фаолиятимизда ҳам муваффаққият қозонишимизга кенг йўл очиб беради.

Илмий китоблар бизни илм чўққилари сари элтса, бадиий адабиётлар яхшилик ва ёмонлик баҳси орқали руҳан тафаккур қилиш камолотига етаклайди, ҳаётни, атрофдагиларни яхшироқ тушунишга имкон яратади. Китоб ўқиш сизни тил фасоҳати, нутқ равонлиги ва сўз бойлиги томон элтади. қолаверса, сизга том маънода маънавий ҳордиқ билан бирга, ўзгача завқ ҳам бағишлайди. Шу боис ҳам, ҳар бир кишида китоб ўқишга бўлган қизиқиш болаликдан, ёшликдан шаклланиши муҳим аҳамият касб этади.

Фарзандингизни болаликдан китоб ўқишга қизиқтира олганингиз - унга ҳаётда беришингиз мумкин бўлган энг катта ва бебаҳо совғангиздир. Қандай қилиб фарзандларимизни болалигидан китоб ўқишга муҳаббатли қилиш мумкин? Бунинг учун эса энг аввало, ўзингиз ибрат бўлишингиз лозим. 

- Фарзандларингизга мунтазам      китоблар ўқиб беринг. Муҳими, сизни чалғитиши мумкин бўлган, турли одат ва машғулотлардан ўзингизни ҳалос этинг! Уларни фарзандингизнинг келажаги учун маълум муддат бўлса-да, тарк этиб туринг.

- Болаларга турли жанрдаги адабиётлар, жумладан, илмий, фантастик, саргузашт ёки мумтоз адабиёт намуналаридан ўқиб беришга ҳаракат қилинг. Фарзандингизнинг маънавий олами учун зарур ҳисобланган исломий адабиётлар, уларнинг қаҳрамонлари, жасорат ва олижанобликлари ҳақида ҳам кўпроқ ўқиб беришни, бу ҳақда тез-тез гапириб туришни  унутманг!

- Улар ўзлари учун ҳақиқий ўрнак бўла оладиган исломнинг юлдузлари билан қаҳрамонлар ҳаётини эшитгач, "Ойнаи жаҳон" орқали мультфильмларда кўраётган қаҳрамонларни эндиликда ўзлари учун идеал қилиб олмайдилар.

- Фарзандингизга илк бор  турли хил безаклар билан безатилган, болаларни ўзига тортадиган, қувноқ ва қизиқарли бўлган китобларни совға қилинг. Мутолаа жараёнида фарзандингизни бағрингизга босишлик билан китобга бўлган муҳаббатини оширинг. Шунда фарзандингиз китоб ўқишга интилади, китоб ўқиш орқали илиқ ҳиссиётлар, ширин туйғуларга ҳамроҳ бўлади. 

- Юқорида таъкидлаганимиздек, энг яхши ўрнак - ўзингизсиз. Фарзандингиз сизни тез-тез китоб ўқиётганингизни кўрсин. Булар ошпазлик санъати, журнал, газета, роман, саёҳат ёки бошқа турдаги китоблар бўладими, фарқи йўқ. Муҳими, у сизнинг қўлингизда доим китоб кўрсин, беғубор кўзлари буни хотирасига жамласин, токи бу нарса унда муҳаббат ҳосил қила олсин.

- Ўқиган китобларингиз ҳақида оилавий дастурхон олдида фарзандларингизга гапириб беринг. Ундан туйган ҳис-ҳаяжонингиз ва таассуротларингиз билан ўртоқлашинг, токи фарзандингиз ҳам ана шу китобларни ўқишга қизиқиб қолсин.

- Агар фарзандингиз 7-18 ёш оралиғида бўлса, шахсий "оилавий кутубхона" ташкил этинг. Бу болангизга олган маълумотларини яхшироқ тушуниш ва ўзлаштиришга яқиндан ёрдам беради.

- Фарзандингиз билан биргаликда саргузашт ҳикоялар яратинг. Унда, бутун оилангиз асосий ролда иштирок этсин. Бу албатта, келгусида фарзандингизни шахс сифатида шаклланиши, фикр ва сўз бойлигининг юксалишига хизмат қилади.

 

Муҳаммадсодиқ ИСАБОЕВ,

"Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта махсус ислом билим юрти

    талабаси.

Прочитано 263 раз
Super User

Последнее от Super User