Версия для печати
08 Март 2023

АСОС МУСТАҲКАМ БЎЛСА...

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Муаллим мулоҳазаси

Оила бағридан мактаб остонасига илк қадам қўйган фарзанд  "ғўр", бамисоли  ғунча, энди куртак чиқараётган ниҳолдай бўлади. Бу ниҳолнинг тўғри униб-ўсиши, улкан дарахт бўлиши миришкор боғбоннинг қаровига, меҳнатига боғлиқ. Бошланғич синф ўқитувчиси ҳам ана шу миришкор боғбон каби жажжи вужуднинг қалбига йўл топади, руҳини уйғотади, билим бериб, эзгулик ва комилликка ундайди.

 Устозлар шамдек ёниб, қалбларни ёритади, одамларга зиё улашади, Иссиқ тафти, саховати, бағрикенглиги билан ёш авлодни нурли келажакка чорлайди. Шу маънода, ёш авлод тарбияси, уларга пухта билим беришда бошланғич синф ўқитувчисининг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Бошланғич синф ўқитувчиси доимий изланиши, "Тарбиячи ўзи  тарбияланган  бўлмоғи лозим", деган шарқона фалсафий ақидага амал қилган ҳолда ўзида юксак инсоний фазилатларни тарбиялаши, билим ва тажрибасини доимий равишда ошириб бориши лозим.

Биламизки, бошланғич таълим жараёнида бола тўғри ўтириш, ручка ушлаш, чиройли ва тўғри ёзишга ўргатилади.    Рангларни фарқлаб, тасвирда қўллай олиш, ҳаттоки, чиқиндига айланган майда нарсалардан ҳам керакли буюмлар яратиш мумкинлигини ўргатади. Шунингдек, боланинг оғзаки ва ёзма нутқини ўстириш, тафаккури, дунёқараши  ва она- Ватанга муҳаббат туйғуларини шакллантириш ва тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилади.

2023 йил - юртимизда "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб номланди. Бу педагоглар, айниқса,  бошланғич синф ўқитувчилари зиммасига янада кўпроқ масъулият юклайди. Кўп йиллик иш тажрибамдан келиб чиқиб, бошланғич таълим сифатини ошириш учун қуйидаги уч асосий босқич дарсларга татбиқ этилса, кутилган натижага албатта эришамиз. Демак, улар қуйидагилар:

1.    Ўқувчиларни дарсга жалб қилиш, уларнинг диққати, ўй-фикрлари  барқарорлигини таъминлаш учун турли қизиқарли психологик машғулотларидан фойдаланиш.

Бу усулда муаллим дарсга ҳам фан ўқитувчиси, ҳам психолог сифатида ёндашиши талаб этилади. Сабаби, ўқувчиларнинг феъл-атвори, қизиқишларини билмаган ўқитувчи эндиликда болалар билан ишлай олмайди. Сиз дарсга  кирдингиз, ўқувчиларнинг барчаси ҳар хил хаёлда, фикрлари тарқоқ,  баъзилари хар хил ўйин билан банд. Мана шундай пайтда, ўқитувчидан кучли нотиқлик талаб этилади. ўқувчилар диққатини ўзингизга қаратиш учун психологик усуллардан фойдаланиш мумкин.

2.    Дарсларда кўргазмали қурол, илғор педагогик технологиялардан унумли фойдаланиш.

Ўқувчилар ҳар бир дарсни гўё бир санъат асаридек қабул қилиши керак. Шифокор ва психологларнинг таъкидлашича, ўқувчилар ўзи олаётган билимнинг 75 фоизини кўриш орқали эгаллайди. Шундай экан, ҳар бир дарсда турли кўргазмалар, қўлда тайёрланган кўргазмали қуроллардан унумли фойдаланиш муҳимдир.

3. Дарсга компетенциявий ёндашув. Компетенция - аниқ мақсадга йўналтирилган билим, кўникмалар, малакалар йиғиндисини амалиётда қўллай билиш технологиясидир.

 Дарс сифати ўтилган дарс ўқувчилар томонидан қай даражада самарали ўзлаштирилганлиги билан белгиланади.  Таълим сифати  ва самарадорлигини ошириш ўқитувчининг дарс давомида компетентлигига ҳам боғлиқдир. Ўқитувчи ҳамиша дарс ўтишга жиддий ёндашиши, дарсларга пухта тайёргарлик кўриши муҳим. Хуллас, у бола билан дўст бўлиб дарс ўтиши лозим.

Бошланғич синф ўқитувчиси бола камолоти учун дастлабки ғиштни қўювчи  меъмордир. У қанчалик аниқ, самарали иш юритса, ўқувчига берилаётган билим асоси қанчалик мустаҳкам бўлса, кейинги йилларда у пухта билим олади, малакали мутахассис бўлиб етишади. Энг асосийси, эл-юрт равнақига муносиб ҳисса қўшадиган инсон бўлиб камол топади.

 

Шоҳидахон  НАЗАРОВА,

Андижон  туманидаги  24-умумтаълим мактабининг  бошланғич синф ўқитувчиси.

 

Прочитано 220 раз
Super User

Последнее от Super User