Версия для печати
21 Март 2021

Кўчат экиб, боғ яратайлик

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Мулоҳаза

Баҳор - янгиланиш фасли. Табиатнинг уйғониши, деҳқончилик ишларининг бошланиши дунёдаги жуда кўп халқлар қатори, бизнинг юртимизда ҳам катта тантана билан нишонланади. Шамсий йил ҳисобида йилнинг биринчи куни Наврўз (янги кун) деб аталади. Наврўз деҳқончилик ишларининг, янги мавсумнинг бошланиши саналади. Наврўзда оммавий халқ сайиллари уюштирилади, янги униб чиққан кўкатлардан сомса, чучвара, шунингдек, сумалак, ҳалим каби тансиқ таомлар пиширилади.

Наврўз мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Шаҳар ва қишлоқларимизда байрам    сайиллари, томошалар, турли тадбирлар ўтказилиши, етимлар, якка-ёлғиз кексалар, ногиронлар, муҳтож кишилар ҳолидан хабар олишдек эзгу ишлар амалга оширилиши анъанага айланган.

Ислом таълимотида ҳаётимизнинг барча томонлари тўла қамраб олинган. Хусусан, деҳқончилик, ризқ-рўз яратиш борасида ҳам жуда кўп гапирилади. Қуръони Карим ва ҳадисларда Ҳазрати Расули Акрам (с.а.в.) умматларни деҳқончилик қилишга алоҳида чақирганлар. Зеро, деҳқончилик ҳаёт таянчи ва устунидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)   марҳамат этиб бундай деганлар: "Бирон-бир мусулмон киши бир дарахт ўтқазса ёки бир нарса экса, бас ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилган савобига эришади".

Бу Ҳадиси шарифдан кўчат ёки экиндан фойда келиб турса, ўша инсон вафот этиб кетган бўлса ҳам унга қиёматгача савоб бориб туришлиги билдирилади. Шу ўринда юртимизнинг барча гўшаларида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари айни қизиган бугунги кунда ҳар биримиз ўз ҳовлимизга, маҳалламизга турли дарахт кўчатларини экиб обод қилсак, бундан нафақат инсонлар, балки ҳайвонлар ва қушлар ҳам манфаат топади, биз ана шу савобли ишимиз билан Яратганнинг ажру мукофотига сазовор бўламиз.

Демак, барчамиз янгиланиш фаслининг илк кунларини ғанимат билиб, турли мевали ва манзарали дарахтлар экиб,  боғлар яратайлик, юртимизни янада гўзал ва обод бўлишига ўз ҳиссамизни қўшайлик.

 

Ибодатхон

 ТИЛАВОЛДИЕВА,

 

Марҳамат туманидаги Ўқчи МФЙ отинойиси.

Прочитано 664 раз
Super User

Последнее от Super User