Версия для печати
07 Июль 2020

КЛЕОПАТРА ГЎЗАЛЛИГИНИНГ СИРЛАРИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Миср маликаси Клеопатра гўзал бўлиш борасида ўзидан яхшигина мерос қолдирган. Унинг соҳибжамоллигидан кўплаб амалдорлар ўзларини йўқотиб қўйишган.  Клеопатра еттита тилни билишдан ташқари, сиёсатни ҳам яхши тушунган, бир нечта китоблар ҳам ёзган. Бу китоблар орасида косметикага бағишланган рисолалар ҳам талайгина. Мен косметолог сифатида Клеопатра усулларига тез-тез мурожаат этиб тураман. Самараси қанақа дейсизми? Ажойиб! Шу сабаб Клеопатра услуби  бўйича косметик рецептларни сизлар билан бўлишишга қарор қилдим. 

 

Асал ва сутли ванна

 Иссиқ иқлим аёллар гўзаллигининг асосий душманидир. Шунинг учун Клеопатра терини юмшатиш учун озгина бодом мойи қўшилган сут-асалли ваннадан фойдаланган. Ҳозирда бу рецептдан SPA-салонларда фойдаланишади.

 

Тайёрланиш усули: иссиқ сувли ваннага 3 стакан сут, 150 гр асал ва бир неча қошиқ бодом мойи қўшилади (зайтун мойи ишлатиш ҳам мумкин). Бу ванна 15 дақиқа қабул қилинади.

 

 Денгиз тузи ва қаймоқли скраб

 Денгиз тузи ва қаймоқ тери учун ажойиб скрабдир. Миср маликаси бу скрабдан сутли ванна қабул қилганидан сўнг фойдаланган.

Тайёрланиш усули: 200 гр денгиз тузи ярим стакан қаймоқ билан аралаштирилади ва баданга суртилади. Ширин ифор таралиши учун бир неча томчи атиргул ёки апельсин мойи қўшилади. 5 дақиқадан сўнг скраб илиқ сув билан ювиб ташланади.

 

 Оқ лойли ниқоб

 Олимларнинг айтишларича, Клеопатра терисининг майинлигига оқ лойдан қилинган ниқоб ҳам сабаб бўлган. Оқ лой таркибидаги каолинит минерали терининг эластиклиги ва янгиланишига ёрдам беради.

Тайёрланиш усули: 2 ош қошиқ оқ лой ва сут, 1 ош қошиқ асал ва 1 чой қошиқ лимон шарбати аралаштирилади. Ҳосил бўлган аралашма терига суртилади ва 10-15 дақиқадан кейин илиқ сув билан ювиб ташланади.

 

Алоэли сув

Асал ва алоэ шарбати қўшилган сув инсонни ёшартиради.

Тайёрланиш усули: 1 стакан сув кумуш идишга қуйилади, унга 2 ош қошиқ янги алоэ шарбати ва 1 чой қошиқ асал қўшилиб, усти ёпилади ва 10-12 соат қўйиб қўйилади. Эрталаб ва кечқурун фойдаланилади. Аралашма музлатгичда бир ҳафтагача сақланиши мумкин. 

 

Атиргул суви

Атиргул гулбаргларидан косметика маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ҳозирда ҳам фойдаланилади. Клеопатра юзини атиргул сувидан тайёрланган қайнатмада ювишни ёқтирган.

Тайёрланиш усули: атиргул гулбарглари сувда қайнатилади, идиш оғзи ёпилиб, бир неча соат олиб қўйилади. Эрталаб ва кечқурун фойдаланилади.

 

Тухум сариғи

Маликанинг сочлари силлиқ бўлиши ва товланиб туришига тухум сариғи ёрдам берган.

Тайёрланиш усули: Тухум сариғи ажратиб олиниб, идишда кўпик ҳолатига келгунича аралаштирилади. Сочга суртилиб, бир оздан сўнг сочлар яхшилаб ювилади.

 Гулсара ОРТИҚОВА,

 

косметолог.

Прочитано 1559 раз Последнее изменение 28 Июль 2020
Super User

Последнее от Super User