Версия для печати
25 Июнь 2023

Қурбонлик қилишнинг фазилатлари

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Аллоҳга қилинган ибодат, яхши ва солиҳ амаллар унга яқинлашишга ва розилигини топишга бир воситадир. Ана шу солиҳ амаллардан бири, бу - қурбонлик саналади. Қурбонлик орқали Аллоҳ мўъмин банданинг ўз молидан воз кеча олишини имтиҳондан ўтказади.

Қурбонлик қилишлик фазилатли ва гўзал амаллардандир. Хусусан, Қуръони Карим оятларида шундай дейилади: "Эй, Муҳаммад (с.а.в.) албатта, Биз сизга Кавсарни ато этдик. Бас, сиз Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва (жонлик) сўйиб-қурбонлик қилинг! Албатта, сизни ёмон кўргувчи кимсанинг думи қирқилгандир (яъни беном-у нишон йўқ бўлиб, кетгувчидир!" (Кавсар сураси, 1-3-оятлар). 

Яна бошқа ояти каримада: "Биз (ўтган) барча умматга Аллоҳ берган чорва ҳайвонларини (сўйиш) олдидан Унинг номини зикр қилишлари учун қурбонлик қилишни буюрганмиз. Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир Илоҳдир. Бас, унгагина бўйсунингиз ва (эй, Муҳаммад!) итоат қилувчиларга хуш хабар беринг!" (Ҳаж сураси, 34-оят).

Қурбонлик қилишлик бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилса-да, аслида унинг яхшилиги, савоби инсонга аталгандир. Бу ҳақда ушбу ояти карима далил бўлади: "Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин У зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли У зотни улуғлашларингиз учун уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!" (Ҳаж сураси, 37-оят).

Ҳар бир инсон Аллоҳнинг раҳматидан, ажр-савобларидан умидвор. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини ва тақвосини намойиш этишдир. Ҳазрати Али (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қиладилар: "Ким қурбонликка жонлик олиши учун бозорга борса, Аллоҳ Таоло ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади, ўнта гуноҳини кечиради ва мартабасини ўн даража кўтаради. Жонлиқни савдо қилаётганда айтган сўзларни тасбеҳ ўрнида қабул қилади. У учун берган ҳар бир дирҳамига етти юз дирҳамнинг савобини беради.

Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фаришта яратади ва улар қиёматгача унинг учун истиғфор айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун Исмоил алайҳиссалом фарзандларидан бир қулни озод қилганлик савобини беради" дедилар.

Қурбонликнинг гўшти асли уч қисмга бўлиниб, бир қисми хомлигича камбағалларга, яна бир қисми хоҳишга кўра, эҳсон қилиб едирилади ёки уни ҳам тарқатиб юборади. Учинчи қисми эса, хонадон аҳллари учун қолдирилади. 

Довуд Алайҳиссалом: "Ё Парвардигоро, Муҳаммад (с.а.в.) умматлари қилган қурбонликлари учун нима ато этгансан?" дедилар. Аллоҳ Таоло хитоб қилди: "Ё Довуд, Муҳаммад (с.а.в.) умматларидан қурбонлик қилганларга қурбонликнинг баданидаги ҳар бир тўқилган ўнта савоб ато қилиб, ўнта гуноҳидан кечаман. Жаннатдаги даражасини юксалтириб, у ерда бир қаср бино қиламан ва ҳурларни насиб этаман. Ё Довуд, бу қурбонлик қиёмат куни макраб бўлиб, турли балоларни эгасидан қайтаради".

Анас Ибн Молик Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қиладилар: "Хашр (қиёмат) содир бўлган вақт мўминлар ўз қабрларидан турадилар. Аллоҳ: "Эй, фаришталар, менинг бандаларимни махшарга уловсиз олиб борасизларми? ...Энди тирилиб қабрларидан тургач, махшарга пиёда боришмасин. Қурбонликларини келтиринг, миниб боришсин", дейди.

Қурбонлик қилиш қонун-қоидалари ва одоблари ҳақида кўплаб фиқҳ китобларида батафсил маълумотлар берилган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Арофатда турган ҳолларида одамларга қараб, шундай дедилар: "Эй, одамлар! Ҳар бир (бой) хонадон аҳли зиммасида ҳар йили қурбонлик қилиш мажбурияти бордир". Уламолар қурбонликни қурбон ҳайити куни қуёш чиқмасдан илгари сўйиш мумкин эмаслигини айтиб ўтганлар. Чунки пайғамбаримиз (с.а.в.) "Ким ҳайит намозини ўқишдан олдин қурбонликни сўйган бўлса, ўрнига бошқа жонлиқни сўйсин. Ким ҳали сўймаган бўлса, энди намоздан кейин Аллоҳнинг номи билан (бисмиллаҳи Аллоҳу Акбар) сўяверсин" дедилар (Бухорий ривояти). Агар ҳайит куни қурбонлик қилишга вақт топа олмаса, ҳайитдан кейинги икки кун ичида сўйиш ҳам жоиздир. Бундан ташқари, қўй ва эчки бир кишининг номидан, мол ва туя бир кишидан то етти кишигача шерикликда сўйилиши мумкин.

Қурбонлик учун сўйиладиган ҳайвон нуқсонсиз бўлиши муҳимдир. Баро ибн Озиб (р.а.) бу ҳақида ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар: "Тўрт хил жониворни қурбонлик қилиш жоиз эмас: бир кўзи кўрлиги аниқ билиниб турган, касаллиги аниқ билиниб турган, оқсоқлиги аниқ билиниб турган ва илиги йўқ бўлиш даражада қариб қолган ҳайвонлар". Аллоҳ ўзининг каломида: "Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Нимани эҳсон қилсангиз албатта, Аллоҳ уни билгувчидир" (Оли-Имрон сураси, 92-оят) деб марҳамат қилган.

Аллоҳ Таоло барчаларимизни ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қиладиган қурбонликларимизни, ибодатларимизни даргоҳида қабул айласин. Барчаларимизга Қурбон ҳайити муборак бўлсин.

Олимжон Раҳимов,

Андижон шаҳридаги "Имом Ал-Бухорий" жомеъ масжиди имом-хатиби

Прочитано 244 раз Последнее изменение 05 Июль 2023
Super User

Последнее от Super User