Версия для печати
21 Апр 2023

Рустам УСМОНОВ: АГАР МЕНГА ТУРЛИ ТЎСИҚЛАР ҚЎЙИЛМАГАНИДА ҲОЗИР ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЭНГ БАДАВЛАТ КИШИСИ БЎЛИШИМ МУМКИН ЭДИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида Рустам Усмонов юртимиздаги машхур инсонлардан бири бўлганлигини кўпчилик яхши эслайди.  

 

Собиқ иттифоқдай улкан давлатда биринчилардан бўлиб кооператив бошқарувини ташкил этиб, катта даромад топган, кўплаб янги иш ўринларини яратган, юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг Ўзбекистонда биринчи хусусий банк – “Рустамбанк”ни ташкил этиб, мамлакатда тадбиркорликни, айниқса,  хусусий секторни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшган бу инсоннинг тадбиркорлик фаолияти 90- йилларнинг охирига келиб бутунлай тўхтади.

 

Хўш бунга сабаб нима бўлган эди? “Нима учун Рустам Усмонов тадбиркорлик фаолияти тўхтатган?”, “Нима учун Ўзбекистондаги биринчи хусусий банк фаолияти тўхтатилган?”, “Рустам Усмонов нима сабабдан қамалган?”. Умуман, тадбиркорнинг ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ бу каби қатор саволлар йиллар давомида кўпчиликни қизиқтириб келгани аниқ.

 

Биз Рустам Усмонов билан суҳбатлашиб, юқоридаги ва бошқа қатор саволларга аниқлик киритишга ҳаракат қилдик.

 

Маълумот ўрнида: Рустам Усмонов 1948 йилда Қирғизистон Республикасининг Жалолобод шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни тамомлагандан сўнг Тошкент политехника институтида, сўнг Тошкент халқ хўжалиги институтида таҳсил олган.  Тадбиркорлик фаолиятини бошлашдан аввал, Технология вазирлигида, сўнг Хонобод (аввалги Советобод) шаҳри яқинида барпо этилган Каппирровот сув омбори қурилишида, кейинчалик турли ташкилот ва корхоналарда масъул вазифаларда ишлаган.

Оилали, уч нафар фарзанди бор.

 

Рустам ака, бошингизда кўп ишлар ўтгани аниқ. Бугун сизни кўпроқ нималар безовта қилади?

 

Инсон ҳаётга бир марта келади. Унинг ким бўлиши, нима қилиши тақдири азалига битилган бўлади. Халқимиз кўп йиллар диндан ажралиб яшади. Диний, миллий қадриятларни бироз унутдик. Имон, инсоф деган муқаддас тушунчаларимиздан йироқлашдик. Натижада шундай тоифа кишилари шаклландики, улар кўриб-билиб, англаган ҳолда ўз манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйишга уринди. Фақат ўзларини ўйлаб, эл-юрти дарди, ташвиши, юрт манфаати, истиқболи деган тушунчаларда айро яшади.  Айниқса, бошқарувнинг аниқ тизими тўла шаклланмаган, турли қийинчиликларни бошидан ўтказаётган юртимиз мустақилликнинг дастлабки йиллари бундай кишилар учун жуда қўл келди. Бу ҳақда кейинроқ батафсил тўталаман.

 

...Бу йил мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллигини нишонлаймиз. Ўттиз йил, тан олиб айтишимиз керакки, тарих учун жуда қисқа бўлган мана шу давр ичида Ўзбекистон жадал ривожланаётган давлатлар қаторига қўшилди. Собиқ шўро даврида унутилган миллий, диний қадриятларимиз тикланди, юртимиз иқтисодиёти шаклланди ва йилдан йилга мустаҳкамланиб бормоқда.

 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов, бугун эса давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизни ривожлантириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширлаётгани шахсан мени жуда-жуда қувонтиради.

 

Кейинги икки йилда Президентимиз давлатимиз тараққиётига, ана шу тараққиётни таъминловчи асосий омил тадбиркорликни ривожлантиришга  энг катта ғов - коррупцияни йўқотиш, эркин бозор иқтисодиётини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратаётганлиги бежиз эмас. Чунки коррупция, порахўрлик, таъмагирлик бор жойда ҳеч қачон жадал ривожланиш бўлмаслиги аниқ.

 

Айнан ана шу коррупция, порахўрлик сабаб ҳаётда кўп қийинчилик ва ноҳақликларга учраганим, тадбиркорлик фаолиятим барбод бўлгани, ўн тўққиз йил умрим қамоқдан ўтганидан қайғураман.

 

Халқимизда: “Бошга тушганни кўз кўради” деган гап бор. Ноилож, ана шу кўргуликларни кўриш тақдиримга битилган экан. Минг бора шукр, бугун уларнинг бари ортда қолди.

 

Олийгоҳни тамомлаб, хўжалик, кейин давлат бошқаруви идораларида ишладингиз. Қандай қилиб тадбиркорга айланганингиз ҳақида гапириб берсангиз?

 

- Тадбиркор сифатида машхур бўлгунимча кўп ишларни бошимдан ўтказганман. Тошкент политехника институтини, кейин аспирантурасини фақат аъло баҳоларга тамомлаганман.  Ҳаракатчан, тиришқоқ бўлганим учун Тошкентдан уй-жой ҳам қилганман. Номзодлик диссертациясини ҳимоя қилишга ҳаракат қилдим. Лекин айрим сабабларга кўра, ўшанда илмий ишни охирига етказолмаганман.

 

 Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Андижон сув омбори қурилиши бошланиб, у бутуниттифоқ зарбдор қурилиши, деб эълон қилинганида ҳеч иккиланмай ўша ерга бориб ишлашга ахд қилганман. Чунки улкан бунёдкорлик қурилишларида қатнашишга, фидойилик билан ишлашни жуда хоҳлар эдим. Қолаверса, сув омбори қурилиши яқинидаги Хонобод қишлоғи туғилиб ўсган юртимга яқин, бу ерда кўп қариндошларим, дўстларим, таниш-билишларим бор эди.

 

Шу боис, сув омбори қурилишига келиб, то сув омбори битиб, ишга тушгунича шу ерда турли вазифаларда ишладим. Одам танидим, дўст орттирдим. Сув омбори қурувчилари учун барпо этилган Хонобод шаҳридан  ҳовли-жой қилдим.

 

Ғайратим жўшган ўша пайтларда турли идораларда ишладим. Русча ўқинанман, иш ва ҳаётдаги хато ва камчиликларни очиқ-ойдин айтишга ўрганганман. Шу боис, охирги ишлаган ташкилотим раҳбари билан келиша олмай қолиб, ишдан бўшадим. Бир муддат ишсиз юрдим. 

 

Доимий равишда газета ва журналлар ўқиб борардим. Ўша пайтда шўролар давлатида қайта қуриш, деб номланган жараён бошланган йиллар эди. Матбуот нашрларида хусусий бизнес ҳақида тарғиб қилинаётган ғояларни амалга татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб “Мечта” (Орзу) деб номланган кооператив - ширкат ташкил этдим. Бунинг учун миниб юрган “Жигули” машинамни сотиб дастмоя қилганман.

 

Дастлаб ширкат қошида кичкинагина ошхона очдим. Давлатга қарашли ошхоналардаги сифатсиз овқатлардан безор бўлган халқ дастлаб шу ерга ёпирилиб келди. Тўғри, ошхонадаги овқатлар бошқаларникига нисбатан бироз қимматроқ, лекин мазали, сергўшт эди. Чунки овқатга холодильникдан чиққан музлаган гўштни эмас, кассоблардан олинган янги гўшт, бозорлардан олинган энг сарҳил масаллиқлар ишлатилар эди.

 

Шу орада Бишкекда яшайдиган тоғам меҳмон бўлиб келди. Суҳбатларни бирида у менга асал савдоси билан шуғулланишни маслаҳат берди. Тоғам бу ерда асал арзон, ҳам сотилиши қийинлигини яхши биларди. Шунда у “Беш, ўн тонна асал йиғиб Бишкекка олиб борсанг, харидор бор” деб, лекин пули кейинроқ берилишини, қолаверса, Қирғизистон бошқа давлат, пул ҳам банк орқали ўтказиб берилишини айтди.

 

Тоғамнинг бу таклифи ҳаётимда туб бурилиш ясади. Шундан сўнг асалари боқадиган дўстларим, таниш-билишлар билан гаплашиб, бир қисм пулини бериб, қолганини насия қилиб айтилган миқдордаги асални йиғиб, Бишкекка олиб бориб сотдим. Пули эса икки ойлардан кейин фирмамнинг Қорасув шаҳрида жойлашган банкдаги ҳисоб рақамига ўтказиб берилди.

 

Маълумки, асал ҳар доим қиммат маҳсулот бўлган. Уни ўша саксонинчи йилларда ҳам, ҳозир ҳам улгуржа олиб, қадоқлаб чакана сотиш орқали яхшигина фойда олиш мумкин.

 

Пул келиб тушди. Энди нақд пул олиш муаммоси юзага келди. Банк мутасаддилари бизда бунча катта пул йўқ, бўлса ҳам бера олмаймиз. Чунки йўриқномада фирманинг олган маҳсулоти учун етказиб берувчилар билан ҳисоб-китоб қилишга нақд пул берилиши мумкин эмас, деб туриб олишди.

 

Ўшанда муаммони ечиш учун вилоят, республика банкларига учрадим, Лекин катта миқдорда нақд пул олиш масаласи ҳал бўлмади. Шундан сўнг Москвага бориб, Марказий банк бошлиғининг биринчи ўринбосари билан учрашдим. Қилаётган ишларимни, юзага келган муаммони айтдим. У масалани ҳал этиш кераклигини тушуниб, фирмам ҳисобидаги маблағни нақд қилиб бериш, умуман, бундан кейин ҳам қонуний келиб тушган пулларни эгасига ортиқча қийинчиликларсиз нақд қилиб бериш юзасидан вилоят, Қорасув шаҳар банкига топшириқнома ёзиб, жўнатди.

 

Шундай қилиб, асал бизнесига шўнғиб кетдим. Хонободда асал етиштириш ва сотиш билан шуғулланадиган “Дўстлик” колхоз-кооператив ташкил этдим. Энди нафақат Бишкек, балки Россиянинг қатор шаҳарларига ҳам асал олиб бориб сотишни йўлга қўйдим. Асаларичиларга бозор нархида пул тўлай бошладим. Бундан хурсанд бўлган асалари боқувчилар ўзлари асални олиб келиб колхоз омборига топширадиган бўлди.

 

Сир эмас, собиқ иттифоқ даврида корхона, ташкилотларга нақд пул фақат иш ҳақи учун бериларди. Ҳисобида катта-катта маблағи, беш-ўн минг нафар ишчи-хизматчилари бўлган корхоналар савдолашиб ўтирмасдан ўз ходимларига тарқатиш учун пул ўтказиш йўли билан катта миқдордаги асални харид қилиб олишарди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Қирғизистон бозорларида харидоргир бўлган маҳсулотларни асалга бартер қилиб олиб келиб ҳам сотар эдим. Бунда фойда икки уч ҳисса кўп бўлар эди.

 

Шу тарзда кейинроқ Қозоғистон, Украина, Беларусь, Болтиқбўйи давлатларига ҳам асал етказиб берадиган бўлдим.

 

Аввал асални катта идишларда ташиган ва ўша ёқлардаги улгуржи харидорларга топшириб қайтган бўлсам, энди уни кичик ва чиройли идишларга қадоқлаб, харидор сотиб олишига қулай қилдим. Асални тўғридан тўғри савдо дўконларига топширишга ўтдим ва табиийки, оладиган фойдам ҳам яна кўпайди. Айрим ташкилот ва корхоналар, завод-фабрикалар пул ўрнига бартерга товар таклиф қиларди.

 

Россия, Украина ва Белорусдаги қанчадан-қанча катта завод-фабрикаларнинг директорлари билан яқин бўлиб қолдим. Уларга истаган маҳсулотини бошқа минтақадан етказиб берардим. Тўқсонинчи йилларга келиб, Европа давлатларига чиқдим. Баъзан асал, баъзан бартерга олган харидоргир маҳсулотларни сотардим. Маҳсулот албатта, валютага сотиларди.

 

Европага чиққанимдан кейин, молиявий муаммоларга яна рўпара бўла бошладим. Улар нақд пул беришмасди, ҳисоб рақамимга валюта ўтказиб берарди, мен эса уни нақд сўмга айлантиришим зарур. Тўғри, банклар валютани жон деб сўмга сотиб олади. Лекин валюта бозори у пайтлар эркин эмас, давлат курси арзон бўлгани учун зарар кўрдим. Асалчиларга беришга нақд сўм етмасди. Шунда Европадан валютага мол олиб келиб, уни ички бозорда сотишни йўлга қўйдим. Тушган пулни асалчиларга бердим. Экспортдан бир фойда, импортдан яна бир фойда оладиган бўлдим, бойлигим йил эмас, кун,  ой сайин ошиб борди.

 

Бу орада Россия ўзининг пулини чиқарди. Россия пулининг курси ўзимизнинг пулдан баланд бўлгани учун экспортдан кўрадиган фойдам яна ошди. Хориждан келтирган кўп молларни Россия бозорида сотдим ва оладиган фойдам яна кўпайди.

 

Ишларим шу тариқа ривожланиб, миллионерга айландим. Шу ўринда айримлар ўйлаганидаек, мен давлат мулкларини арзон-гаровга хусусийлаштириб олиб, бунинг орқасидан миллионер бўлган одам эмасман. Ҳаммасини пешона терим, ақлим эвазига топганман. Қолаверса, менинг бизнесим ортидан қанча-қанча одам ишли бўлди, катта-катта даромад топди. Айниқса, асаларичилар ўз маҳсулотини сотиш муаммосини умуман, ўйламайдиган бўлди.

 

Гумус – колифорния чувалчангини кўпайтириш, уни сотиш ҳам сизга каттагина даромад келтирган деган гаплар қанчалик тўғри?

 

Бойлигим кўпайиб кетди, деб ҳеч қачон ётиб олмаганман. Яна изландим, тинмай меҳнат қилдим. Бир сафар қишлоқ хўжалиги бўйича ҳамкорлик қилиш мақсадида юртимизга Исроил давлатидан келган бир кампания вакили билан гаплашиб қолдим. У менга гумус ҳақида гапириб, қишлоқ хўжалиги ривожида унинг аҳамиятини тушунтириб берди.

 

Ерга минерал ўғит ўрнига гумус солинса, ҳам арзон, ҳам самараси бир неча баробар юқори бўлиши, гумус табиий бўлгани учун ерга умуман, зарар етказмаслигини билиб олдим.

 

Гумус етиштириб сотиш орқали ҳам каттагина даромад олиш мумкинлигини ўйладим.

 

Россиялик, польшалик мутахассислар билан гаплашиб, уларнинг илмий тавсия ва маслаҳатлари асосида “Дўстлик” колхози ҳудудида бир нечта бетон ўралар қилдириб, Польшадан калифорния қизил чувалчангини олиб келиб кўпайтиришни бошладим. Ўшанда баъзилар мени аҳмоққа чиқаришганди.

 

Чувалчанг гўнг билан боқилади. У гўнгни еб гумусга айлантиради. Биогумусда деярли хид бўлмайди. Унинг қуввати маъданли ўғитларникидан юқори бўлса юқорики, кам эмас. Маъданли ўғит ерни захарлайди, гумус эса ернинг унумдорлигини оширади.

 

Шундай қилиб гумус етиштириб сотишни, янги бизнесни ҳам йўлга қўйдим. Гумусга ўзимиздан кўра четда харидор кўпроқ эди.

 

Ўшанда бозор ўз-ўзидан кенгайиб кетаверади. Бундан нафақат мен, балки чувалчанг етиштирувчилар ҳам, биогумус ишлатаётган деҳқонлар ҳам, охир-оқибатда бутун мамлакат фойда кўрди. Бу фойда фақат пул билан ўлчанмайди, ундан тупроқ даво топади, қолаверса, табиий, сифатли маҳсулотлар етиштирилади. Бу ўз навбатида соғлигимиз, айниқса, келажак авлодларимизнинг саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади.

 

Очиғини айтсам, асал бизнесидан кўра мени тадбиркор Рустам Усмонов бўлиб танилишимга чувалчанг етиштиришим кўпроқ сабаб бўлган. Хатто, “Рустамбанк”нинг илк маблағлари ҳам айнан чувалчанг ортидан топилган даромад ҳисобидан бўлган.

 

Банк ташкил этиш ғояси қандай туғилган. Ўша давр учун мутлақо янгилик ҳисобланган хусусий банкни очиш осон бўлмаган бўлса керак?

 

Ўтган асрнинг 90- йилларида банклар билан ишлаш осон кечмаган. Топширган пулингни ўз вақтида ололмай сарсон бўлардинг. Бир жойга пул ўтказсанг, ҳафталаб кутишга тўғри келар, банк ходими қандайдир хатога йўл қўйганлиги учун ҳамкорга ўз вақтида пул етиб бормас эди.

 

Бу ҳолатлар бизнесни ривожланишига йўл бермайди. Айниқса, хорижлик ҳамкорлар билан муносабатларга салбий таъсир кўрсатади, вақтдан ютқазасан.  Унутмаслик керак, бизнесда вақт пул дегани.

 

Баъзан банк билан боғлиқ муаммолардан азият чекканимда, қани энди ўз банким бўлса, деган хаёлга борардим.

 

Тадбиркорда доимо сармояга эҳтиёж бўлади, йирик тадбиркор доимий пул манбаига эга бўлиши шарт. Шуларни ўйлаб, қолаверса, маблағим кўпайиб боргани сари ўз фирмаларимнинг пул айланмасидан бировларга фоиз тўламаслик учун ўз банкимни очиш режасини тузиб юрардим. Лекин бу режа ўша пайтда осмондаги юлдузни ушлаш учун қўл узатишдай гап эди.

 

 Фалакнинг гардиши билан, ана шу кунларда банк очишга имконият пайдо бўлади. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов мустақиллигимизнинг илк йилларида мамлакатдаги ишбилармон, ўз меҳнати билан муваффақиятга эришган кишиларни ҳамиша қўллаб-қувватлаган.  Ўша пайтларда Президент девонида масъул лавозимда ишлаган инсонлардан бири мени Тошкентга таклиф қилиб, шахсан биринчи Президент билан учрашишимга имкон яратиб берди.

 

Биринчи Президентимиз мендаги ғайрат-шижоатни кўрди, эришган натижаларимни сўраб-суриштириб, ишларимда омад тилади. Қандай ёрдам керак бўлса, қонуний ёрдам кўрсатилишини айтди.

 

...Учрашувларимиздан бирида Ислом Каримов: “Рустам, хусусий банк очишга журъатинг етадими”, деб сўради. Сиз қўллаб турсангиз, албатта, очаман, деб юбордим. “Унда банк оч”, деди Президент, “Бундан буёғига давлатнинг келажаги хусусий сармоя қўлида бўлади. Хусусий сармояга эса хусусий банк керак”. Шу гап билан банк очиш ҳақидаги орзуим аниқ режага айланди. 1992 йилнинг май ойида мамлакатимизда биринчи хусусий банк - “Рустамбанк” очилди. Банк таъсисчилари ўзим, хотиним ва ўғлим бўлган.

 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мамлакатда хусусий банк очилиши иқтисодиёт равнақига хизмат қилишини яхши тушунгани учун менинг ташаббусимга оқ йўл тилаган эди.

 

Банкнинг низом жамғармаси 150 миллион сўм этиб белгиланди. Бу ўша давр учун жуда катта маблағ эди. Дунё банк тизими тажрибасидан кўриш мумкинки, ҳар қандай банк асосан, Марказий Банклар томонидан ажратилган маблағлар, аҳолининг омонатлари, мижозларнинг депозит маблағлари ва ўзаро қарз олди-бердиси билан иш юритади. Лекин мен “Рустамбанк” низомида белгиланган пулни ўзимнинг шахсий жамғармам ҳисобидан қўйганман. Ёрдам тариқасида республика Марказий банки томонидан ажратилган 50 миллион сўмни олишни рад этганман.

 

Дастлаб хусусий банкда ўз ҳисобини очишга кўпчилик хайиқди. Мен Россия ва Европа банкларида айланиб юрган рубл ва бошқа валюталарни, ўнлаб фирмаларим топаётган сўмдаги нақд маблағларни банк ҳисобига ўзтказдирдим. Банк ғазнасида нақд валюта ва сўм тўпланди. Шу тариқа банкнинг ишлари ривожлана бошлади, мижозлар сони ҳам кундан кунга ортиб брарди.

 

“Рустамбанк” нима учун ёпилган? Банк фаолияти тухтатилган пайтда молиявий ҳолати қандай бўлган? Бизнесингиз билан боғлиқ ўзингизга тегишли ҳамма нарса ўзингизда қолганми?

 

- Фаолият бошлаган дастлабки йилдаёқ “Рустамбанк” молиявий жиҳатдан бемалол ишлай оладиган банкка айланди. Банкнинг бир йиллик айланмаси 1 миллиард сўм, валюта айланмаси эса  280 миллион долларга етганди. Минг афсуски, 1995 йилда банкни ёшишга мажбур бўлдим.

 

Чунки банкнинг эркин фаолият кўрсатиши учун жуда кўп объектив ва субъектив тўсиқлар юзага келди, аниқроғи келтирилди. Банк ишига аралашадиганлар, текшир-текширлардан эркин ишлашга имкон қолмади. Бу ишларни устида юқори лавозимларда ўтирган бир неча амалдор турар эди.

 

Хатто солиқларни тўламаган, деган нохақ айблов билан қамоққа ҳам олишди. Бахтимга биринчи Президентимиз “Шунча пули бор одам, солиқни тўламаслиги мумкин эмас”, қолаверса, тадбиркорликни, хусусий бизнесни бўғиш, деб баҳолаб, мени  озодликка чиқариш бўйича тегишли раҳбарларга топшириқ берган. Шундан сўнг мени қўйиб юборишган бўлса-да, ишлашимга барибир имкон беришмади.

 

Одамлар орасида банкни ёпилиши ҳақида ҳозиргача турли гап-сўзлар юради. Юзага келган ҳолатни, қандайдир хатоимни топиб қамаб юборишларини ҳис этиб, ўз ихтиёрим билан банкни ёпганман. Банкка тегишли мол-мулкларнинг айримлари давлат фойдасига мусодара қилинди, айримлари ўз тасарруфимда қолган.

 

Агар ўша даврда менга тўсиқлар қўйилмаганида эди, ҳозир мен  Ўзбекистоннинг энг бадавлат кишиси бўлишим мумкин эди.

 

- Нима учун эркин фаолият юритишингизга қаршиликлар бўлган. Бизнесингизга тўсқинлик қилганлар кимлар эди?

 

- Бугун Президентимиз давлатимиз тараққиётига энг катта тўсиқ бу – коррупция эканлигини жуда кўп такрорламоқда. Коррупцияга қарши курашиш бўйича қонун, қатор қарорлар қабул қилинди. Коррупцияга карши курашиш агентлиги тузилди. Бу бежиз эмас албатта. Чунки Президентимиз коррупция, порахўрлик бор жойда тараққиёт бўлмаслигини жуда яхши билади. Шу боис ҳам ушбу иллатга қарши кескин чоралар кўрилмоқда.

 

Шахсан мен бу иллат билан боғлиқ ҳолатларни жуда кўп марта бошимдан ўтказдим, унинг қолипига тушмаганим учун ўн тўққиз йил қамоқда ўтиришимга тўғри келди.

 

Тан олиб айтишим керак, тадбиркорлик фаолиятим давомида жуда кўп жойларда пора беришга мажбур бўлганман, яна шундай масалалар бор эдики, нимадир бермасанг, масала ҳеч қачон ечимини топмасди. Булар фақат мен эмас, бутун жамият амал қиладиган, лекин ёзилмаган коррупция билан боғлиқ тартиблар эди.  Унга амал қилмаган одамнинг иши юришмасди.

 

Шукрки, бугунга келиб  ўша даврдаги ёзилмаган ана шу тартибларнинг аксарияти барҳам топди.

 

Фаолиятимга қаршилик ва тўсиқлар каттаси 1993 йилдан бошланган. Ўшанда иккита фирманинг олди-сотдиси бўйича Қўрғонтепа туман судида қонуний иш кўрилган. Суд суриштирувлар ҳамда тақдим этилган ҳужжатлар асосида ишни кўриб, менга тегишли фирма фойдасига адолатли қарор чиқариб берган. Чунки иш билан боғлиқ ҳамма нарса кундай равшан бўлган, ҳеч кимда ҳеч қандай эътироз туғилмаган.

 

Бунинг учун ўша даврдаги вилоят прокурори туман суди раиси орқали катта миқдорда пора беришимни талаб қилган. Ахир ўзим ишлаб топган пул бўлса, адолатли қарор чиқарилган бўлса, нима учун пора беришим керак, деб пора бермадим. Шундан сўнг вилоят прокурори ҳеч ким талаб қилмаган бўлса-да, энг асосийси, иккала фирма ҳам хусусий, ҳисобларида давлатнинг бирор сўм пули бўлмаса-да, туман судининг қарорига протест киритди. Текшир-текширлар бошланди,

 

1994 йил эса шахсан Биринчи Президентимиз тавсияси билан Олий Мажлис депутатлигига номзодимни қўйгандим. Мен юқорида айтган юқори лавозимдаги мансабдор пора беришим кераклигини, шунда депутат бўлишим, бизнесимни ҳам бемалол давом эттиришим мумкинлигини очиқ ошкор айтди. Сўралган пул оз пул эмас эди. Ўша даврда бу пулга Тошкент шаҳрининг чеккароқ ҳудудларидан камида 500 та 2 хонали квартира олиш мумкин эди.

 

Табиийки, бунча пулни беришни рад этдим. Депутатликка номзодлар рўйхатидан чиқарилдим. Бу ишларни устида турганлар Президентимизга “Тарғибот даврида одамларга пул тарқатяпти, сайловолди дастурида рус тилига давлат тили мақоми берилиши керак, деган ғояни илгари суряпти” деб нотўғри ахборот беришган. Минг афсуски, бу ишлардан кейин Президентимиз билан учрашиш насиб этмади.

 

Менга қарши туҳмат ва бўҳтонлар ёғдирган исонлар номини айтишим ножоиз. Чунки улар кейинчалик нафақат менга нисбатан, умуман, раҳбарлик ваколатларини суистеъмол қилганликлари, қилмишлари учун қораланди, қамалди. Қолаверса, бугун улар орамизда йўқ. Ўтиб кетган инсонга маломат қилиш Яратганга ёқмайди, инсонийликка ҳам тўғри келмайди.

 

- Бугун ўтган ҳаётингиз, фаолиятингиз билан боғлиқ нималар Сизни кўпроқ қийнайди?

 

- Ҳаётимда нима ишлар ўтган бўлса, бу албатта пешонамга битилган тақдир. Ҳаракат қилиб қанча-қанча ишларни амалга оширдим. Бундан ўзим ҳам, бошқалар ҳам манфаат кўрди. Лекин алам қиладиган қайсидир порахўр раҳбарларнинг ноҳақ айбловлари билан судланиб, қамалганим, айбдор деган тамға билан яшаш мени ҳар доим қийнаб келади. 

 

Беайб парвардигор. Эҳтимол, хато ва камчиликларга йўл қўйгандирман. Лекин бу хатоларим ўн тўққиз йил қамалишимга асос бўла олмаслигини жуда яхши тушунаман. 

 

Мақсадим, мен ва фаолиятим билан боғлиқ суд ишини қайта кўриб чиқилишига эришиш. Бунинг учун тегишли идораларга мурожаат қилганман. Мамлакатимизда адолат, қонун устуворлиги таъминланаётган бугунги кунда бу борада ижобий жавоб оламан, деган умиддаман.

 

Тадбиркор қандай бўлиши керак, деб ҳисоблайсиз?

 

Тадбиркор нафақат ўзи фойда олади. Балки ўз бизнеси билан одамларни боқади, юртни обод қилади, солиқлар тўлаб, давлатни бой қилади. Минг шукр бугун узоқни кўра оладиган, иқтисодиётни чуқур тушунадиган Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тадбиркорга, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Бу албатта, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун энг биринчи омил ҳисобланади.

 

Жаҳон тажрибасида асрлар давомида шаклланган илмий нуқтаи назардан олиб қараганда ҳаро қандай мамлакатда аҳолининг 5 фоиз қисми ҳақиқий тадбиркор бўлса, ўша қатлам бемалол юртни боқиши мумкин. Бугун биз мана даражага эришиш учун ҳаракат қилишимиз керак.

 

Яна бир масала тадбиркор ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Билимли, салоҳиятли, энг асосийси бизнесга қизиқадиган ёшларни ўқитиш, тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, юртимизда ихтисослашган Бизнес мактабларни, олий ўқув юртларини ташкил этиш лозим.

 

Тадбиркор ўз ишини яхши биладиган, иқтисодий, молиявий билимлари кенг, тавакалчиликдан чўчимайдиган, ҳар бир ишни пухта ва аниқ ҳисоб-китоблар асосида юритадиган шахс бўлиши керак.

 

Бундан ташқари, такдбиркор фақат ўз фойдасини ўйламасдан атрофидагилар, қўл остида ишлаётганлар даромадини, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга, юртни обод қилишга ҳам эътибор қаратиши лозим. Яна у маънавиятли, билимли бўлиши, доимий газета, китоб ўқиб борса, одамлар орасида, жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллайди. Ишлари ҳам юришаверади.

 

 

- Бугун машхур тадбиркор Рустам Усмонов қандай ишлар билан банд?

 

- Ўн тўққиз йилда қамоқдан қайтдим. Ҳаёт давом этяпти, худога шукр тирикчилик ўтиб турибди. Ёшим бир жойга бориб қолган бўлса-да, уйда ўтирганим йўқ. Биогумус кўпайтириб, сотиш билан шуғулланяпман. Яна енгил конструкцияли уйлар қуриш учун пеноблокли махсус деворлар ишлаб чиқариш сингари қатор бизнесларим бор. Бундан ташқари, даволаниб, дам олишга мўлжалланган туристик маскан қурилишини хам олиб боряпман.   Умуман,  ишларим ёмон эмас.

 

Нақд 19 йил қамоқда ўтирдим. Менга боғлиқ ишни кўрган судья ўтказилган турли тазйиқлар остида ҳукм чиқарган. Демак, мен адолатсиз чиқарилган ҳукм билан 19 йил қамоқда сақлангаман.  Қамоқдан чиққанимдан бери мен билан боғлиқ суд ишини Олий Судда қайта кўриб чиқилишини сураяпман. Лекин ҳозирча натижа бўлгани йўқ. Нима бўлганда ҳам шунга эришиш учун ҳаракат қиламан.

 

 Мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик жамият қуриш, адолат, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимида улкан ислоҳотлар амалга оширилаётган бугунги кунда менга нисбатан адолатсиз ҳукм чиқарилганлиги бўйича суд иши қайта кўриб чиқилишига ишониб қоламан.

 

 

-         Қизиқарли, очиқ-ошкора суҳбатингиз учун раҳмат

 

 

Суҳбатдош

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.

Прочитано 1141 раз Последнее изменение 02 Апр 2024
Super User

Последнее от Super User