Версия для печати
16 Фев 2021

Китоб - тафаккур хазинаси

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Мулоҳаза

 

Инсон ақлий салоҳиятининг юксалишида китобнинг ўрни беқиёс. Зеро, китоб туфайли дунёқарашимиз такомиллашиб, тафаккуримиз янада бойиб бораверади. Не-не улуғ зотлар китобга ошно бўлиб, етукликка эришган, комил инсон даражасига етишганлар. Дарҳақиқат, донишмандлардан бири: "Ўзимдаги барча яхши хислатлар учун китоблардан бир умр миннатдорман", деган эди. Унинг фикри нечоғли тўғри эканлигини маънавияти юксак ҳар бир инсон чин қалбдан ҳис этиши шубҳасиз.

 

Китоб - инсон маънавияти ва дунёқарашини юксалтирувчи муҳим манбаа ҳисобланади. Китоб ўқиган инсон мулоҳазали, билимли бўлиб, юксак тафаккури ила бошқалардан ўзининг дунёқараши ва фикрлаши билан ажралиб туради.

 

Жаҳон илм-фани, маданиятига беқиёс ҳисса қўшган ал-Бухорий, ат-Термизий, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари буюк мутафаккир-ларимизнинг асарлари башариятнинг бебаҳо маънавий меросидир. Бундан ташқари, ўзбек адабиётининг забардаст вакиллари Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Усмон Носир асарлари эса ўзлигимизни англашга, билим ва тафаккуримизни юксалтиришда алоҳида қимматга эга эканлигини ҳеч ким инкор эта олмайди.

 

Ҳа, кўп китоб ўқиган кишининг билим савияси юқори, муомала маданияти юксак, етук инсон сифатида ҳаётда ўз ўрнини топа олади. Бироқ, бугунги ҳаётий кузатишларимиздан хулоса қилиб айтадиган бўлсак, кун сайин китобга, китоб ўқишга бўлган эҳтиёж ва интилиш, айниқса, ёшлар орасида тобора камайиб бормоқда. Бу эса жуда ачинарлидир. Қанчадан-қанча китоблар, китоб жавонлари ва дўконларида шунчаки кўргазма сифатида турибди, холос. Афсуски, бундай ҳолатларга чек қўйишнинг имкони бўлмаяпти. Табиий савол туғилади. Нега шундай? Нима учун китоб ўқимай қўйяпмиз?

 

Бу саволга жавоб беришдан аввал доимий китоб ўқийдиган юксак маънавиятли шахслар билан китоб ўқимайдиган маънавияти саёз кишилар орасидаги фарқни англаб олсак. Китоб ўқиш ўрнига қимматли вақтини қандайдир бекорчи ҳолатларга, турли кўнгилочар ўйинларга сарфлаётган инсонлар талайгина. Улар ўзининг қолоқ эканликларини фикрлашида ҳам, ўзини тутишида ҳам намоён этиб қўйишади.

 

Техника асри даврида яшаяпмиз, кундан-кунга техник воситалар тараққийлашиб, уларга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Хусусан, қўл телефонлари, турли интернет сайтларини бунга мисол қилишимиз мумкин. Тўғри, Юртбошимиз ёшларга кўплаб имкониятлар яратиб бермоқда. Чунки миллатимиз шаънини, миллий ғуруримизни юксалтирувчи бу - ёшлар. Шу боис, турли миллат ва элатларнинг ёшлари каби ўзбек фарзандлари ҳам дунё билан мулоқотда бўлиши керак. Бунга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Лекин айрим ёшлар бундай имкониятдан унумли фойдаланиш ўрнига, турли интернет сайтларидаги кўнгилочар дастурлар, танишувлар, ёшлар онгини заҳарловчи сайтларга кириб, у ердаги маълумотлар билан танишмоқдалар. Бунинг оқибатида уларнинг дунёқараши бир томонлама бўлиб қолмоқда.

 

Қадимда буюк шоир ва ёзувчиларимиз, олимларимиз китобга шу қадар меҳр қўйган эдиларки, ҳатто тунлари оддийгина мойчироқ ёки шам ёруғида китоб мутолала қилганлар. Сўз мулкининг султони, буюк алломамиз Навоий хазратлари 7 ёшида Фариддин Атторнинг "Мантиқут-тайр" асарини ёд олганлар. Буюк муҳаддисимиз Буҳорий хазратлари эса 6000дан зиёд хадисни ёд билганлар. Аммо у даврларда бизга яратиб берилаётган кенг имкониятларнинг бир қисми ҳам бўлмаган. Кенг ва ёруғ хоналар, китоб ўқиш учун мўлжалланган кутубхоналар йўқ эди. Бироқ шундай бўлса-да, ўз мақсадлари сари интилиб, юксак маънавият соҳибию соҳибаларига айланишган.

 

Демак, биз учун берилаётган имкониятдан унумли фойдаланиш ҳар биримизнинг ўзимизга боғлиқ. Тўқликка шўҳлик эса ўзбек миллатининг ёшларига хос фазилат эмас. Аслини олганда, айрим ёшларимиз бундай ло-қайдликдан йироқ. Улар ўзларининг ҳурфикрлиги ва юксак маънавияти билан ажралиб туради. Бироқ ундайлар бармоқ билан санагулик, холос.

 

Гуруч курмаксиз бўлмагани каби инсонлар орасида ҳам маънавий қашшоқлар талайгина. Бундайларнинг лоқайдликлари натижасида "енгил ҳаёт" ихлосмандлари сафи ортиб бормоқда. Оқибатда эса китобни унутиб қўйишяпти. Маънавиятсиз инсонлар оиласида тарбия топаётган ҳар қандай фарзанд, эртанги кун учун баркамол шахс сифатида улғаймайди.

Шу боис, ҳар бир инсон билимлар калити бўлмиш китоб билан дўст бўлмоғи лозим. Ахир дунёда китобдан кўра яхшироқ дўст, дардкаш, меҳрибон сирдош ва энг муҳими, ҳақгўй маслакдош йўқ.

 

Атоқли адибимиз Ойбек таърифича, китоб — тафаккурнинг толмас қанотларидир. Шу маънода айтиш мумкинки, китоб барча замонларда тараққиётнинг, инсон тафаккурининг юксалишида  муҳим манбаа бўлиб хизмат қилади.

 

Мухтасар қилиб айтганда, китоб - инсоннинг қалб гавҳари, тафаккур хазинасидир.

 

 

Раҳимжон ХЎЖАМБЕРДИЕВ

 

 

Прочитано 820 раз Последнее изменение 12 Апр 2022
Super User

Последнее от Super User