Версия для печати
21 Март 2021

Сифатли таълим-тарбия - ютуқларга йўл очади

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Мутахассис минбари

Ўқитувчи - ўргатувчи, тарбияловчи, келажакни бунёд этувчи. У юрт ишига камарбаста, фидойи инсонларни етиштириш масъулиятини ҳис қилиб яшайди.

Мактабда узоқ йиллардан буён ёшларга таълим-тарбия бериб келаман. Нафақа ёшида бўлсам-да, ҳамон мактаб бағридаман, ўқувчилар таълим-тарбияси билан машғулман. Қанчадан-қанча ўқувчилар мактабни битириб, аллақачон ҳаётда ўз ўринларини топишган, турли касб-ҳунар эгаллаб, айни чоғда юрт хизматидалар.

Ҳозирда бошланғич, 2-А синфига дарс бераман.    Бошланғич синф ўқитувчисининг меҳнати қанчалик залворли, машаққатли эканлигини яхши биламан.

Биз яшаб турган ҳудуд туманнинг олис қишлоғидан бирига жойлашган. Мактабимизда 500 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олади. Бошланғич синфларда 278 нафар, 1-синфларда эса 65 нафар ўқувчи ўқийди.

Кичик ёшдаги ўқувчилар катталарга қараганда, эътиборни кўпроқ тортишга ҳаракат қилишади. 1-синфга илк бор қадам қўяётган болаларнинг кўпчилиги боғча тарбиясини олмаган, уларга савод ўргатиш бироз қийин кечади. Шунинг учун ҳам улар билан машғулотлар сонини кўпайтираман, якка ҳолда кўпроқ шуғулланишга ҳаракат қиламан.

Ота-она ўқитувчини танлайди. "Болани шу устоз ўқитсин!" деган танлов мактаб ўқитувчиси учун нолойиқ гап. Менимча, ўқитувчининг таълим-тарбияга  лоқайдлиги уни "ёмон"га ажратиб қўяди.  "Яхши синф", "ёмон синф"га айланиши ҳам кўпроқ бошланғич даврда оладиган сабоққа боғлиқ эканлигини тажрибамда кўп бор кузатдим.

Ўқувчиларни 4-синфдан 5-синфга кузатар чоғимда уларни бошланғич даврдаги каби      дарсларни сергаклик билан ўзлаштиришларини, мутолаа вақтларини кўпайтиришларини тайинлайман.

Бошланғич синфларда олинадиган билим ўқувчининг келгусида билим олишига қўйилган тамал тоши бўлади. Синфни "яхши синф"га айлантириш, синф жамоасини бир оила каби бирлаштириш, бир-бирига кўмакдош, сирдош, аҳил қилиб тарбиялаш энг аввало, ўқитувчининг билим, маҳорат ва тажрибасига боғлиқ.

Тарбиявий соатларда инсонга хос фазилатлар, билим, эзгу хислатлар инсон кўрки эканлиги ҳақидаги пандларни қизиқарли ҳикоя, эртаклар асосида тушунтираман.

Қатор айланиб шеърларни ёддан, ифодали ўқийман. Мени кузатаётган ўқувчиларнинг нигоҳларида бундан таъсирланиш, қувониш ифодасини кўраман. Натижада мактаб рейтингида синфнинг олдинги ўринларда бўлиши учун қайғурадиган, фаол, ўқийдиганлар сафи кўпаяди.

Мадина Абдумухторова, Шоҳжахон Набиев, Шоҳжахон Абдумухторов, Рўзимуҳаммад Ёқубов, Муҳаммадали Набиев, Жўрабек Fаффуров, Алмазбек Ўсмонов, Ҳадичабону Тожибоева, Нуридийда Мадаминова каби қатор ўқувчилар нафақат синфимдаги, балки мактабдаги аълочи ўқувчилардан ҳисобланади.

Ўқувчиларим "Ёш китобхон", "Ёш мусаввир", "Жажжи юлдузлар" каби қатор танловларда фаол қатнашади.

Ота-оналар ўқитувчи таълим-тарбиясида энг яқин кўмакчилардир. Зилола Жўраева, Мавжуда Жумабоева, Улуғбек Бобоев, Муниса Оловиддинова сингари ота-оналар дарсларда иштирок этиб, ўқув тарбия ишларини яқиндан кузатишда, ўқувчига ёрдам беришда жуда фаол. "Мутолаа дарс"ларида иштирок этган ота-оналар томонидан ўқувчиларга китоблар совға қилиш анъанага айланган.

Бошланғич ёки юқори синфда ўқиётган ҳар бир бола бутун бир мактаб жамоасининг аъзоси. Ўқитувчиларнинг барчаси ўқувчига дилдош, дўст, ҳамкор бўлиб, меҳр билан унга керакли билимни бера олса, таълим-тарбияда муаммолар бўлмайди, аксинча, эътибор билан берилган билим ютуқлар сари йўл очади.

 

Замира FАЙНАЗАРОВА,

Булоқбоши туманидаги

9-умумтаълим мактабининг бошланғич синф

 

ўқитувчиси.

Прочитано 625 раз
Super User

Последнее от Super User