Версия для печати
21 Дек 2020

ЁШЛАР ТАРБИЯСИ МУҲИМ МАСАЛА, УНГА ҲЕЧ КИМ БЕФАРҚ ҚАРАМАСЛИГИ КЕРАК

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Муносабат

 

Айни кунда вояга етмаган айрим ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятчилик, қонунбузарлик ҳолатлари, умуман, ёшлар тарбияси жамиятнинг ҳар бир кишиси, айниқса, мазкур йўналишдаги ишларга масъул  сифатида мени жиддий ташвишга солади.

 

Айниқса, баъзи бир ўқувчилар, хусусан, уюшмаган ёшларимизнинг турли маънавий таҳдидлар таъсирига тушиб қолаётганлиги ачинарлидир. Бунга ёшларимизнинг интернет тармоғидан нотўғри фойдаланишлари сабаб бўлаётганлигидан кўз юммаслигимиз керак.

 

Тўғри, тобора тараққий этиб бораётган ҳаётимизда интернетнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Буни асло инкор этиб бўлмайди. Интернет орқали жаҳондаги тенгдошларининг ютуқлари, ихтиролари билан танишиб, улар билан беллаша оладиган, айтиш жоиз бўлса, улардан ҳам ўзиб кета оладиган даражадаги билим ва кўникмаларга эга бўлаётган йигит-қизларимиз кўпчиликни ташкил этади. Аммо ойнанинг акс томони бўлгани каби интернетдан нотўғри фойдаланаётган айрим ёшларимиз ҳам йўқ эмас. "Оммавий маданият" деб аталаётган миллий маънавиятимизга, менталитетимизга ёт ғояларни тарғиб этувчи тармоқлар ҳам борки, уларда берилаётган маълумотлар билан танишаётган, шафқатсизлик билан боғлиқ тасвирларни кўриб улғаяётган ана шу ёшларимиз онги, тафаккури, дунёқараши издан чиқмоқда. Уларнинг руҳиятида бузғунчилик, жанжалкашлик, шафқатсизлик хусусиятлари ўсиб бораётгани жамиятимиз учун жиддий таҳдид эканлигини ҳар биримиз, айниқса, педагоглар, ота-оналар яхши англашимиз лозим.

 

Шу ўринда ўсмир ёшдаги болаларнинг уяли телефон ишлатишлари ҳам уларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бир-бирларидан ёхуд интернет тармоқларидан кўчириб олинган турли беҳаёлик, вахшийликни тарғиб этувчи роликларни кўраётган ўсмир эртага ўша ишни қилиб кўрмаслигига ким кафолат беради? Уларда ҳатто қизларнинг муштлашиш "маҳоратлар"и акс этган кўринишлар ҳам борки, кўриб қиз боланинг ибоси, ҳаёси қаерда қолди, деб ўйланасан киши.

 

Умуман, уяли телефондан, интернетдан ҳуда-беҳуда фойдаланиш ёшларнинг тарбиясига, пухта билим олишига тўсқинлик қилади. Шу боис, бу масалада нафақат ҳуқуқ-тартибот тизими ходимлари, педагоглар, балки ота-оналар фарзандларини доимий назорат қилиб боришлари муҳимдир. Интернетдаги турли ўйинларни муккасидан кетиб ўйнаш, турли номаъқулчиликларни томоша қилиш фарзанд-ларимизнинг "хобби"сига айланиб қолмасин.

 

Унутмайликки, бугун бу масалага эътиборсизлик билан қарасак, ёшларимиз тарбияси издан чиқиб кетиши, келгусида тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис, ёшлар тарбиясига масъул ҳар бир шахс, ота-оналар, умуман, кенг жамоатчилик ёшлар тарбияси жиддий эътибор қаратиши, имкон қадар кўмаклашиши лозим.

 

Зулхумор АКБАРОВА,

 Андижон вилояти Асака тумани

 Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими

 профилактика инспектори,

 лейтенант.

Прочитано 714 раз Последнее изменение 12 Апр 2022
Super User

Последнее от Super User