Версия для печати
25 Янв 2019

ТОПГАНЛАРИМИЗ ВА ЙЎҚОТГАНЛАРИМИЗ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Сархисоб

Гамлетнинг монологидаги машҳур саволни ўзгачароқ қилиб ифодалайдиган бўлсак, "Яшамоқ ё завол топмоқ" (аслиятида "Ўлиш ё қолиш") дилеммаси бугун босма нашрларда фаолият кўрсатаётган журналистларни чуқур ўйга толдиргани аниқ.

Ҳозирда бутун республикадаги босма нашрлар таҳририятлари иқтисодий жиҳатдан оғир даврни бошдан кечирмоқда. Чунки 2019 йил учун обуна кўнгилдагидек бўлмади. Натижада таҳририятларнинг самарали фаолият юритиши, газеталарни чоп этиш билан боғлиқ қатор муаммолар юзага келди.

"Обуна мажбурий эмас" сўзининг феномени

Бир қарашда мажбурий меҳнатга барҳам бериш баробарида интернет тармоғида тарқалган обунанинг ҳам мажбурий эмаслиги хусусидаги хаспўшлаб, гўёки жамиятнинг улкан муаммоси кўринишида берилаётган фикрлар жараённинг ибтидоси бўлди.

Аслида, бу жараён анча аввал бошанган эди. Йиллар давомида биринчи навбатда давлат, яъни ҳокимликлар муассислигидаги газеталарга обунанинг марказлашган ҳолда ташкил этилиши қатор қусурларни келтириб чиқарди.

Обунага мажбурий равишда йиғилган маблағлардан айрим шахслар ўз манфаатлари йўлида фойдаланганлиги бир нави бўлса, таҳририятнинг маъмурий буйруқбозлик натижасида йиғилган пуллардан ҳосил бўлган кафолатли йиллик бюджети журналистларни боқибеғамлик ботқоғига тортди. Изланиш, янгиликка интилиш, жараённи ўзига хос тарзда ёритиш, таҳлил, танқид мезонлари бир оз четга сурилиб қолди.

Натижада обуначиларнинг норозилиги ортиб, мақолалар савияси, таъсирчанлиги, халқчиллиги пасайиб кетди. Бунга нафақат журналистлар, балки турли даражадаги раҳбарлар ҳам ҳисса қўшдилар. Ҳаётдан йироқ мавзулар, маърузабозлик услубида ҳисоботлар учунгина битилган "асарлар" газеталаримиз савиясини тушириб юборди. Бу реал ҳаёт билан тўқнаш келиши, яъни мазкур жараён қачондир барҳам топиши муқаррар эди.

"Халқ билан мулоқот йили"даги янгиланиш жараёнлари буни яққол юзага чиқариб қўйди. Янгича ёндашув, очиқлик ва ошкоралик шароитида ижод қилишда байроқни интернет нашрларидаги ҳамкасбларимиз илиб кетишди (бунинг объектив ва субъектив сабаблари бор). Ижтимоий тармоқлардаги материаллар эса уларни қўллаб-қувватлаб турди. Обунанинг мажбурий эмаслиги жамиятимизда шу қадар қулоч ёздики, гўё уни Мустақиллик арафасида ўзбек тилига давлат тили мақомини беришдаги якдил ҳаракат билан қиёслаш мумкин эди. Ўзаги эса бир - яъни, муаммо аллақачон пишиб етилганди.

 

Учта "S"тамойили ва маънавият

2017-2018 йилларда давлат, сиёсий газеталар сифат нуқтаи назаридан сезиларли юксалди. Савияси, ўқимишлилиги ортди. Шундай бўлса-да, тезкорлик, шов-шувли мавзулар бўйича барибир электрон нашрлар аудиторияни забт этиб улгурди.

 

Чунки, аудиториянинг аксариятида енгил-елпи, олди-қочди материалларни ўқишга мойиллик аллақачон шаклланиб бўлганлигидан ҳам кўз юммаслигимиз керак.

Талабалик давримизда ғарб журналистикаси учта "S" принципига асосланганлиги айтиларди. Айнан шу тамойил бугун интернетнинг ўзбек сегментини ҳам маълум даражада "заҳарлади". Зўравонлик, қотиллик, фохишабозлик хусусидаги хабарлар тез-тез учраб туриши ўқувчини жалб қилмоқда. Йиллар давомида ўзбек менталитетига ёт ғояларни сингдиришга қаратилган мафкуравий ва ахборот ҳуружлари уддалай олмаган иш кўз ўнгимизда силлиққина оммалашяпти. Газеталар ҳам шу услубга ўтиб кетадиган бўлса ёки умуман фаолияти тўхтаса, маънавиятимизга путур етиши, йиллар давомида тузатиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши турган гап. Нафақат маънавиятга!

Ҳар қандай мамлакатда давлат бор экан, унинг сиёсати шаклланган экан, миллий мафкура ишлаб чиқилган экан, шуларни тарғиб этувчи газеталар чоп этилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Ахир дунёқарашимиз, тафаккуримиз, маънавиятимизни янада бойитиш, миллий қадриятларимизни асраб қолиш учун китобхонликка яна қайтмоқдамиз-ку! Нега энди босма нашрлар орқали таъсир этиш воситасидан воз кечишимиз керак?!

 

Қай даражада

газетхонмиз?

Бугун вилоятимизда 35 та, яъни вилоятнинг бош нашрлари - "Андижоннома" ва "Андижанская правда" газеталари, шунингдек, 16 та туман ва шаҳар ҳокимликлари муассислигидаги нашрлар, 5 та журнал ҳамда 13 та хусусий ва тармоқ газеталар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг саҳифаларида вилоятимиз, туман ва шаҳарлар ижтимоий-сиёсий ҳаёти билан боғлиқ жараёнлар баҳоли қудрат ёритилмоқда.

Ана шу нашрларнинг бугунги аҳволи ҳақида гапиришдан аввал 2019 йил учун обуна натижалари билан танишиш мақсадга мувофиқ.

"Ўзбекистон почтаси" ОАЖ вилоят филиали ҳамда "Андижон матбуот тарқатувчи" МЧЖ томонидан жорий йил 1 январь ҳолатига туман, шаҳар нашрларига 11 минг 800 нусха, тармоқ ва ҳудудий нашрларга 10 минг 815 нусха, республика газета ва журналларига 13 минг 940 нусха, хорижий газета ва журналларга 60 нусха, шунингдек, таҳририятларнинг ўзлари томонидан 3 мингдан ортиқ, барчаси бўлиб эса 39 минг 620 нусха обуна расмийлаштирилди. Бунга яна "Матбуот тарқатувчи" орқали сотиладиган 24 минг нусхадан ортиқ газета ва журнални қўшсак, вилоят аҳолисига етиб бораётган матбуот нашрларининг жами сони келиб чиқади - 64 минг нусха.

Ушбу нашрларнинг қайси бири ҳафтада беш марта, қайси бири бир марта, яна қайсисидир ойда икки марта чиқишини ҳисобга олиб, шартли равишда ҳафтасига 60 минг нусха газета ўқишимиз маълум бўлади.

Энди ана шу сонни 3 миллиондан ортиқ вилоят аҳолисига тақсимлаймиз: 46,8 нафар кишига ҳафтасига бир нусха газета ва журнал тўғри келади. Таққослаш учун Германияда 11 нафар, Японияда 12,5 нафар, Финляндияда 14 нафар, Жанубий Кореяда 17 нафар кишига 1 нусха кунлик газета тўғри келади (2017 йил маълумоти). Бундан қай даражада газетхон эканлигимиз ҳақида хулосани ўзингиз чиқариб олишингиз мумкин.

 

Савиямизни белгилаб берувчи рақамлар

Аксарият газеталар (шу жумладан, республика нашрлари) бир амаллаб кун кўришга ўтди. "Холис" МЧЖ муассислигидаги "Холис" газетаси ёпилди, "Келажак", "Ёшлар ва ҳуқуқ", "Қишлоқ оқшоми" каби газеталарнинг, "Маҳорат ойнаси" журналининг чиқиши даргумон. Туман, шаҳар газеталаридаги аҳвол янада ачинарли. Масалан, "Улуғнор" газетасига 165 нусха, "Бўз ҳаёти" газетасига 800 нусха обуна қилинган.

Туман, шаҳар газеталарининг муассислари туман, шаҳар ҳокимликлари ҳисобланади. Демак, муассис сифатида газетани мунтазам чиқиб туриши, обунаси учун масъул. Обуна ташкил этишда Балиқчи, Қўрғонтепа, Избоскан, Пахтаобод туманлари ҳокимларининг ташкилотчилиги ўз газеталарига бўлган ҳурматини кўрсатади. Адади минг нусхага ҳам етмаган босма нашрларимиз журналистлари гамлетона савол гирдобида - ё енг шимариб ишлашни ёки қўлни ювиб қўлтиққа артишни билмай туришибди. Ваҳоланки, уларнинг орасида 80 - 100 йиллик тарихга эга газеталар бор.

Обуна, газета сотиб олиш ҳақида гап кетганда айрим юртдошларимиз турли янгиликлар, ахборотлар билан интернет орқали танишиб боряпмиз, обунага пул сарфлашнинг нима кераги бор, қабилида фикр айтишади. Назаримизда бу янглиш йўл. Чунки газета, журнал берадиган маънавий озуқанинг ўрни бошқа. Оиласига газета, журнал, китоб кириб борган хонадондан зиё нури таралади. Қолаверса, журналист суриштируви, танқидий мақоладан сўнг ҳал этилган муаммолар, армони ушалган фуқаролар ҳам талайгина топилади. Аксарият ҳолларда улар турли идоралардан нажот тополмагач, таҳририят остонасини ҳатлаб ўтадилар.

 

Аччиқ ҳақиқат

Обунага сарфланадиган пул кўзига катта кўринаётган кишилар ҳисоб-китоб қилиб кўришлари мумкин. Уяли телефон учун ҳафтасига, йўқ деганда, 10-15 минг сўм сарфланади. Бир ойда бу 40-60 минг сўмни, бир йилда эса 600-700 минг сўмни ташкил этади. Бир оилада уч кишида телефон бўлса, сарф-харажат қанчага "тортиши"ни ҳисоблаб олаверинг. Афсуски, кўпчилик, айниқса, ёшлар уяли телефон учун сотиб олаётган дақиқаларнинг асосий қисмини турли ўйинларни ўйнашга, интернетдаги керак, керак бўлмаган маълумотлар билан танишишга, савиясиз фильмлар кўриш, қўшиқлар эшитишга сарфлаётганликларидан ҳам кўз юммаслигимиз керак. Бу ёш авлод тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши, миллий қадриятларимиз илдизига болта уриши аниқ. Мана шу оддий ҳақиқатни ўйлаб кўрсак, фойдадан ҳоли бўлмайди.

Мавзу, яъни босма нашрларнинг бугунги аҳволи, газетхонлик масаласи қанчалар аччиқ бўлмасин, қаламга олдик. Зеро, уни четлаб ўтиш касбимизга нисбатан ҳурматсизлик бўлади.

Саидаҳмад ШУКУРОВ,

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ.

 

«Андижоннома» газетасининг 7-сонидан олинди.

Прочитано 1306 раз Последнее изменение 25 Март 2019
Super User

Последнее от Super User