Версия для печати
14 Нояб 2019

FИЙБАТ ҚИЛИШЛИК УЛКАН ГУНОҲДИР

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Аллоҳ таоло инсонга ер юзидаги бошқа маҳлуқотларга берилмаган онг, тафаккур, тил, сўзлашиш каби қатор фазилатларни инъом этган. Хусусан, нутқ кишига ўз фикри, қарашлари ва ҳис-туйғуларини бошқаларга тушунтириш имконини берувчи воситадир. Ундан қандай фойдаланиш эса ҳар бир кишининг идроки, билими ва одоб-аҳлоқига боғлиқ.

Бугун орамиздаги айрим кишилар забони, яъни гап-сўзлари билан  кимларгадир зиён-заҳмат етказади, ўзгалар дилига озор беради. Афсуски, ҳозирги кунда ҳаётимизда, одамлар ўртасидаги муносабатларда авж олиб бораётган ғийбат, туҳмат, бўҳтон каби иллатлар инсонларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Кимларнингдир тинч ҳаётини остун-устун қилмоқда, кимларнингдир ширин оиласини бузиб юбормоқда. Бундай ҳолатларнинг келиб чиқишининг асосий сабаби албатта, илмсизлик, бекорчилик, ёхуд ана шундай ҳолатлар содир этаётган инсонларда одоб-аҳлоқнинг етишмаслигидандир.

Гуруч курмаксиз бўлмаганидай бу каби кишилар ҳар ерда топилади. Уларнинг ғийбатларидан қанча-қанча инсонлар азият чекаётганлигидан кўз юмиб бўлмайди. Бўҳтон, бўлмаган гап-сўзлари ортидан қанчадан-қанча ёш оилалар бузилиб, гўдаклар онасиз ёки ота меҳрига зор бўлиб улғаяётганлиги, ҳали узатилганига кўп вақт бўлмаган айрим қизларнинг бахти ярим бўлиб қолаётганлиги қанчалар қабиҳ ва гуноҳ иш эканлигини ана шу тоифа кишилари афсуски, англаб етмаяптилар.

 Ҳасад ва душманлик йўлида ўйлаб топилган уйдирмалар элга ёйилиб, шарм ҳаёли, ор-номусли кишиларнинг номи қора бўлиб қолаётганлиги ҳам жуда ачинарлидир. Муқаддас динимизда инсон ўзининг юртдоши, маҳалладоши ёинки, қўни-қўшни ва бирон яқин кишисига ёмонликни раво кўриши, тили, қилган амали билан зиён етказиши гуноҳ саналади. Тил бизга яхши сўзлар айтиш, меҳр улашиш учун берилганлигини асло унутмайлик. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилган: "Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўзининг ўлган биродарини гўштини ейишни яхши кўрурми? Ана ёмон кўрдингизми? (Бас гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз!) Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, меҳрибондир" (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Ривоят қилинадики, Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: "Fийбат зинодан ҳам ёмонроқдир". Саҳобалар ҳайратланиб: "Қандай қилиб, ё Расулуллоҳ", дейишди. У киши айтдилар: "Киши зино қилиб, сўнгра тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади, ғийбатчини ғийбат қилинган кимса кечирмагунича, Аллоҳ унинг гуноҳини кечирмайди". Бу ҳадисдан кўринадики, ғийбат гуноҳларнинг энг каттасидир. Яна бир ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Сизлар ғийбат нима эканлигини биласизларми?" дедилар. Саҳобалар: "Аллоҳ ва унинг расули билгувчироқ", деб жавоб бердилар. Ҳазрат айтдиларки, "Биродарингизни ўзи ёмон кўрган нарса билан зикр қилмоғингиз", дедилар. Шунда: "Агар айтган сўзимни биродаримда кўрган бўлсам-чи?" дея саҳобалар сўрадилар. Расулимиз "Агар ундаги бор нарсани айтган бўлсангиз, ғийбат қилган бўласиз, агар унда йўқ нарсани айтган бўлсангиз, тухмат қилган бўласиз", деб жавоб бердилар.

Доноларнинг айтишича, инсон бир гуноҳ қилганда унинг қалбига бир қора нуқта тегар экан. Магарки, гуноҳ қилишдан тийилмаса, қалбини буткул қора доғ қоплаб олар ва қалби қулфланиб қолар экан. Бундай қалб эгалари асло яхшилик ва эзгуликни кўра олмай, умр бўйи гуноҳлар ва хатолар ичра яшаб дунёни тарк этадилар. Ҳаётдаги ўзларининг  ана шундай қабиҳ амаллари туфайли қиёматга қадар дўзах азобида қолурлар. Азизлар! Шундай экан, бизга бир бора бериладиган ҳаётимизда амолимизга кечирилмас гуноҳ бўлиб киргувчи ғийбат қилишдан йироқ бўлайлик. Гуноҳнинг ортидан эргашмай, яхши ва эзгу амалларни бажариб, барчага ибрат бўлайлик, одамлар ҳавас қиладиган инсон бўлиб яшашги интилайлик.  Fийбат, тухмат қилишлик катта гуноҳ эканлигини асло унутмайлик.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ғийбатчи, ёлғончи, ўзгаларга бўхтон қилгувчи бандалардан бўлишликни асрасин.

 

Жасурбек СУЛТОНОВ,

Избоскан туманидаги "Умар Ибн Хаттоб" жоме масжиди имоми.

Прочитано 1174 раз
Super User

Последнее от Super User