Версия для печати
04 Апр 2019

Яхшилик қилиш ҳусни хулқдир

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Ҳидоят нури

Бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осойишталик, дастурхонларимизнинг тўкинлиги Яратганнинг биз бандаларига кўрсатаётган чексиз раҳмати, юртдошларимизнинг эзгу ишлари самараси, десак асло муболаға бўлмайди.

Зотан, ҳар бир кунини ўзгалар корини осон қилишга, ўксикларнинг кўнглини кўтаришга бахшида этадиган фидойи инсонлар бор экан, юртимиздан файзу барака аримайди. Инсонлар хизматида бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам бериш ва ҳожатини чиқариш ҳар бир банда учун улкан саодатдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда сизу биз, яъни бандаларига қарата шундай хитоб қилади: "Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг ("Моида" сураси, 2-оят). Инсонларни яхши ишга даъват қилмоқ барчанинг инсоний бурчидир. Айниқса, ёши улуғ кексаларимизнинг панду насиҳатларига қулоқ тутсак, амалда қўллаб борсак, асло кам бўлмаймиз. Яратганнинг суюкли бандаларидан бўламиз, ҳаётимиз эса янада фаровон бўлади.

Дунёда бандани савобга, яхшиликка олиб борадиган ишлар жуда кўп. Жумладан, ота-онасига яхшилик қилиш, қўни-қўшнисига, ака-укасига, қавму қариндошларига, маҳалла-кўйдаги ёрдамга муҳтожларга, қаровсизларга кўмак бериш каби хайрли ишларни ўз бурчи, деб қабул қилиш юксак инсоний фазилат, қолаверса, энг савобли амаллардандир.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Бир кишининг уловга минишида ёрдам беришинг яхшилик - эҳсондир. Бир кишига табассум ила яхши сўз айтишинг ҳам яхшиликдир, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашинг ҳам сенга яхшиликдир, икки киши ўртасида адолат билан ислоҳ қилишинг яхшиликдир. Моддий ёрдамга муҳтож оилага мурувват қилишинг ҳам сен учун яхшиликдир. Бу каби яхшиликларни адо этгани учун Аллоҳ сенга қалб мусаффолигини беради, кўп хайру савобларга эга бўласан", деганлар.

Яна бир ҳадисда "Яхшиликка далолат қилувчи яхшилик қилган кабидир" дейилади. Бундан кўринадики, яхшилик қилишга ундаш, уни амалга оширишга йўл кўрсатиш ҳам савобли иш саналади.

Ибн Самъон Ансорий (р.а.)- дан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ (с.а.в.)дан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот: "Яхшилик ҳусни хулқдир. Ёмонлик кўксингда тўқилган ва одамлар уни билиб қолишини ёқтирмаган нарсангдир" дедилар".

Яхшилик ҳақида келтирилган таърифларнинг бирида: "Яхшилик - фарзу вожибларни қилиш. Ҳаромдан ҳазар қилиш. Одамларга очиқ чеҳра билан қараб, уларга эҳсон қилиш", дейилади.

Эзгуликларнинг энг улуғи ота-онага яхшилик қилишдир. Аллоҳ таоло: "Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этади. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга "уфф" дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!" деган ("Исро" сураси, 23-оят). Аллоҳнинг ибодатидан кейинги келадиган иш ота-онага яхшилик қилишдир.

Яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди деганларидек, яхшиликлар, савобли амаллар бардавом бўлган юрт мустаҳкам, тинч ва осойишта бўлади. Инсонларнинг бир-бирига меҳри, муруввати зиёда бўлган юртимиздан файзу барака асло аримасин. Ҳамиша фақат яхши амалларни бажаришликни Аллоҳ таоло барчамизга насиб этсин.

 

Жасурбек СУЛТОНОВ,

 

Избоскан туманидаги "Умар ибн Хаттоб" жоме масжиди имоми.

Прочитано 1477 раз
Super User

Последнее от Super User